Ўзбекистонда биогаздан метан ишлаб чиқариш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, вазирлик раҳбари Азиз Абдуҳакимов ва Япониянинг Le One Cо., Ltd компанияси бош ижрочи директори Харуки Ямасаки билан учрашув ўтказиб, инновацион экологик технологияларни жорий этиш бўйича режалаштирилган синов лойиҳаси доирасида икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилди.
Музокаралар давомида Le One Cо., Ltd компанияси 2025–2030 йилларга мўлжалланган 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант ютиб олгани маълум қилинди. Грант Япония энергетика ва саноатни ривожлантириш ташкилоти (NEDO) томонидан декарбонизация ва яшил энергия соҳасида илғор япон технологияларини илгари суришга қаратилган халқаро кўргазмали дастур доирасида тақдим этилган.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда биологик чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида олинган биогаздан метан ишлаб чиқариш бўйича тажриба заводини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Ташаббус бир вақтнинг ўзида бир нечта экологик ва иқтисодий мақсадларга эришишга қаратилган: иссиқхона газлари ташламаларини камайтириш, чиқиндиларни хавфсиз йўқ қилиш, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун биогумус ишлаб чиқариш, шунингдек, кимёвий ювиш ва Япония стандартлари асосида чуқур тозалаш тизими билан гибрид циркуляция технологиясини жорий этиш.
“Лойиҳа биогаздан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланишни назарда тутади, бу нафақат атроф-муҳитга тушадиган босимни камайтириш, балки чиқиндиларни бошқаришнинг қўшимча энергия тежамкор моделини яратиш имконини беради. Технология барқарор ривожланиш мақсадларига ва кам углеродли иқтисодиётга ўтиш стратегиясига тўлиқ мос келади”, дейилади хабарда.
Учрашув якунида Le One Cо., Ltd компанияси билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўртасида икки томонлама битимни тайёрлаш ва имзолаш тўғрисида келишувга эришилди. Ҳужжат томонларнинг ўзаро мажбуриятларини қайд этиб, синов лойиҳани ишга тушириш учун асос бўлади.
Июнь ойининг бошларида Тошкент вилоятида Япония технологиялари асосида пропан ва ҳаво аралашмасидан синтетик метан олиш синов тариқасида йўлга қўйилганди. Лойиҳани янада кенгайтириб республика бўйлаб жорий қилиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)