Хитой сурувларни кузатиш учун Тибетга робот кийиклар жойлаштирди. Улар 5G алоқа ва сунъий интеллектли кўриш тизимлари билан жиҳозланган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Робот кийиклар йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларнинг кўчиши, озиқланиши ва кўпайишини реал вақт режимида кузатади. Оҳу кўзлари ва жигарранг мўйнаси сабабли улар ҳақиқий кийиклардан деярли фарқ қилмайди.
Бу 4 600 метрдан ортиқ баландликдаги Ҳоҳ Хил ҳудудида жойлаштирилган биринчи роботлаштирилган Тибет кийиги бўлди, дейилади хабарда.
Хитой робототехника саноатини ривожлантириш учун ўнлаб миллиард долларлик субсидиялар ажратмоқда. Мамлакат яқинда 2025 йилги Жаҳон роботлар конференциясига ҳам мезбонлик қилди. Расмий маълумотларга кўра, 5G технологияси Тибетга 2019 йилда кириб келган, 2022 йилда фойдаланувчилар сони 1 миллионга етган. 2023 йил охирида эса Гогмо шаҳрида янги таянч станцияси қурилгач, бутун минтақа 5G қамрови остига кирди.
Хитой—Тибет платосининг шимоли-ғарбида жойлашган Ҳоҳ Хил ўртача 4 600 метр баландликка эга. У оғир иқлими туфайли “инсон яшамайдиган ер” деб аталади. Шунга қарамай, бу ҳудуд биологик хилма-хилликка бой бўлиб, кўпинча “Ҳайвонлар салтанати” деб номланади.
Изоҳ (0)