27 июнь — Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Бу сана, энг аввало, ҳақиқат изидан юрган, инсониятга хизмат қилган, қаламини адолат тимсоли сифатида кўрган журналистларга бўлган эҳтиромдир. Ушбу мақолада ҳақиқат учун жон берган қаҳрамон журналистларни эслаймиз.

Дунё гувоҳ бўлган жасорат
Дунё бўйлаб журналистлар фақат воқеаларни ёритиб бериш билан чекланмайди. Улар кўпинча ҳаётларини хавф остига қўйиб, уруш майдонларидан, сиёсий репрессиялар остидан, террор таҳдидлари орасидан ҳақиқатни жаҳон жамоатчилигига етказади.
Мери Колвин

Британиялик журналист Мери Колвин ҳаётини уруш зоналарида ҳақиқатни ёритишга бағишлаган. У The Sunday Times газетаси мухбири сифатида дунёнинг энг нотинч нуқталарида – Чеченистон, Косово, Серра-Леоне, Ироқ, Афғонистон ва Сурияда ишлаган. Унинг репортажлари уруш даҳшатини юракдан ёритиб бергани билан ажралиб туради.

Колвин доимий равишда хавф остида ишлаган. 2001 йилда Шри-Ланка жанг майдонида миномёт портлаши натижасида бир кўзидан айрилган. Шунга қарамай, у урушни ёритишда давом этди ва доимий равишда бир гапни таъкидларди:
Мен ҳақиқатни дунёга етказиш учун ўша ерда бўлишим керак, дейди Мери Колвин.

2012 йил Суриянинг Ҳомс шаҳрида у журналистлар учун мўлжалланган махсус марказда бўлганида, ҳукумат кучларининг артиллерия ҳужумига учраб ҳалок бўлди. Унинг вафоти бутун жаҳон журналистикаси учун оғир йўқотиш эди. Аммо Колвиннинг жасорати ва виждонига содиқлиги минглаб ёш журналистлар учун илҳом манбаига айланди.
Жеймс Фолей — Ҳақиқат изидан ҳалокат сари

Америкалик журналист Жеймс Фолей ўз ҳаётини дунё можаролари марказида ҳақиқатни ёритишга бағишлаган. У мустақил мухбир сифатида Ироқ, Афғонистон, Ливияда фаол ишлаган, кейинчалик эса Суриядаги фуқаролар уруши ҳақида холис репортажлар тайёрлашга киришган. Унинг ёзганлари оддий сонлар ёки статистикалар эмасди. У уруш ичида қолган оддий одамларнинг дарди, болаларнинг қўрқуви, ота-оналарнинг кўзидаги умидсизликни бутун дунёга етказишга ҳаракат қилган.

2012 йил ноябрь ойида Сурия шимолида ҳаракатланаётган пайтда Жеймс Фолей қуролли жангарилар томонидан гаровга олинади. У ISIS (Ироқ ва Шомдаги исломий давлат) томонидан бир неча ой давомида асирликда ушлаб турилади. 2014 йил август ойида эса уларнинг пропаганда видеоси орқали қатл этилгани бутун дунёни ларзага солди.

Фолейнинг ўлими нафақат АҚШ, балки бутун журналистлар жамоатчилиги учун оғир йўқотиш бўлди. У ўз касбининг энг жасоратли намояндаларидан бири сифатида тарихда қолди.
Унинг онаси Диане Фолей ўғлининг вафотидан сўнг Jeyms W.Foley Legacy Foundation’ни ташкил этиб, уруш зоналарида ишлаётган журналистлар хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритмоқда.
Жеймс ҳақиқатни айтиш учун борган эди. У ҳақиқатнинг нархини жони билан тўлади, дейди журналистнинг онаси.
Даниш Сиддиқи

Reuters агентлиги фотомухбири Даниш Сиддиқи 2021 йил 16 июль куни Афғонистонда “Толибон” ва ҳукумат кучлари ўртасидаги отишмада ҳалок бўлган.

Ҳиндистонлик фотомухбир сифатида у ўз умрини инсоний фожиаларни ёритишга бағишлади. У Афғонистон, Ироқ, Сурия, Ҳиндистон, Непал, Мьянма каби ҳудудлардаги можаролар, диний тўқнашувлар, қочқинлар фожиаси, пандемия қурбонлари ҳаёти ҳақида муҳим ва оғриқли кадрлар яратди. Айниқса, 2020 йилда Ҳиндистонда COVID-19 пандемияси давридаги дафн маросимларини акс эттирган суратлари бутун дунёда ҳайрат ва изтироб уйғотди.


У суратга олган лаҳзалар бугун ҳам халқаро форумларда, оммавий ахборот воситаларида, кўргазмаларда инсон қадрининг ҳайқириғи сифатида жонланади. Унинг номи, жасорати ва иши журналистиканинг чинакам қаҳрамонлик руҳини ифодалайди.
Мен одамлар кўришни истамайдиган нарсаларни суратга оламан, чунки улар билишга мажбур, деганди Даниш Сиддиқи
Анна Политковская

Россиялик журналист Анна Политковская инсон ҳуқуқлари, коррупция ва уруш жиноятларини ёритиб, ўз ҳаётини хавф остига қўйган фидойи мухбир эди. У “Новая газета” нашрида ишлаган, айниқса, Чечен уруши пайтида Россия ҳарбийларининг ваҳшийликларини ёритган мақолалари билан танилган.

Политковская Кремль сиёсатини кескин танқид қилган, президент Владимир Путинни очиқчасига айблаган журналистлардан бири эди. Унинг фаолияти Россияда сўз эркинлиги борасидаги вазиятни дунёга кўрсатди.

2006 йил 7 октябрь куни Москва шаҳрида ўз уйи лифтида отиб ўлдирилди. Бу воқеа бутун дунё бўйлаб журналистлар хавфсизлигига оид шов-шувли муҳокамаларга сабаб бўлди. Қотиллик буюртмаси ким томонидан берилгани ҳануз тўлиқ аниқланмаган, аммо сиёсий сабабларга боғланиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Дафне Анна Каруана Гализиа

Дафне Каруана Гализиа – малталик журналист, блогер ва мухбир. У Европа Иттифоқида энг жасур ва мустақил овозлардан бири эди. Дафне асосан коррупция, “Панама ҳужжатлари” ва сиёсий доиралардаги жиноятларни фош қилган.
Унинг мақолалари Малтадаги сиёсий элита, жумладан, бош вазирнинг оиласи билан боғлиқ молиявий фирибгарликларни очиб берган. Мамлакат ичкарисида ва халқаро доираларда у ўз сўзининг кучи билан тан олинди.

Дафне 2017 йил 16 октябрь куни автомобилига ўрнатилган бомба портлаши натижасида ҳалок бўлди. Бу қотиллик Европада сўз эркинлигига қилинган энг шафқатсиз ҳужумлардан бири бўлди ва Малтада сиёсий инқирозни бошлаб берди.
Атвар Баҳжат

Атвар Баҳжат — ироқлик таниқли тележурналист, Аl-Arabia ва Аl-Sharqia телеканалларининг мухбири эди. У Ироқ уруши, террор тўқнашувлари ва АҚШ босқинидан кейинги нотинчликни бевосита жойидан ёритган жасур аёллардан бири сифатида танилган.

Баҳжат уруш майдонларида, портлашлар ичида, исёнчилар билан юзма-юз суҳбатларда қатнашган. У Ироқда уруш таъсирида қолган оддий одамлар дардини жаҳон аудиториясига олиб чиққан. Айниқса, унинг самимий, ҳиссий чиқишлари халққа яқин бўлган.
2006 йил 22 февраль куни Самаррадаги масжид портлаши ҳақида хабар бераётган пайтда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, ўлдирилди.
Бу журналистлар ҳеч қандай қуролсиз, фақатгина қалам ва камера билан ҳақиқатга юз тутишди. Уларнинг мақсади дунё жим бўлиб турган пайтда ҳам инсон дардини айтиш, кўр бўлганларга кўз, овозсизларга овоз бўлиш эди.

Мирваис Жалил

Мирваис Жалил — афғонистонлик ёш ва иқтидорли журналист бўлиб, BBC World Service’нинг Кобулдаги мухбири сифатида фаолият олиб борган. У 1990 йиллар бошларида фуқаролар уруши авжига чиққан паллада Афғонистондаги сиёсий беқарорлик, жангарилик, мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги мураккаб зиддиятларни дунё оммасига етказишга ҳаракат қилган жасоратли мухбир эди.
Жалил ўз репортажларида кўпинча фронт чизиғи яқинидаги ҳолатларни, сиёсий кучларнинг ички қарама-қаршиликларини ва оддий одамларнинг азобини ёритган.
Фожиали ўлим
1994 йил 29 май куни Жалил Кобулда Афғонистон бош вазири Гулбуддин Ҳикматёр билан интервьюдан қайтаётганида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. Орадан кўп ўтмай, унинг жасади шафқатсизларча ўлдирилган ҳолатда топилди. Бу воқеа Афғонистон тарихида журналистга нисбатан содир этилган энг оғир жиноятлардан бири сифатида қайд этилди.
Унинг ўлими нафақат Афғонистонда, балки халқаро журналистик ҳамжамиятда ҳам чуқур қайғу уйғотди. Мирваис Жалил афғон матбуоти тарихида биринчи ҳалок бўлган профессионал мухбирлардан бири бўлди.
Қаҳрамон журналистлар — жамият виждони. Уларнинг жасорати орқали биз урушлар, зулм, коррупция ва инсоният фожиалари ҳақида биламиз. Улар сўз эркинлиги, адолат ва ҳақиқат байроқдорлари.
Ўзбекистонда журналистика жасорати
Ўзбекистонда ҳам журналистлар тобора фаол, дадил ва ижтимоий масъулиятли бўлиб бормоқда. Суриштирувлар олиб бораётган, маҳаллий муаммоларни ёритаётган, фуқароларнинг ҳақларини ҳимоя қилаётган кўплаб журналистлар мавжуд. Уларнинг баъзилари босимларга, таҳдидларга, камситишга учраса-да, жамият учун муҳим ҳақиқатни ёритишда давом этмоқда.
“Журналистлар ўлса, ҳақиқат жим бўлади. Улар яшасагина жамият уйғоқ туради”.
Изоҳ (0)