Мадриднинг “Реал” клубининг бразилиялик ҳужумчиси Винисиус Жуниор фаолиятини Англия Премьер Лигасида давом эттириши мумкин. Испаниянинг Fichajes нашри хабарига кўра, футболчига “Манчестер Сити” жиддий қизиқиш билдирмоқда.

Манбага кўра, “шаҳарликлар” трансфер ойнаси ёпилишига қадар 25 ёшли форвардни сотиб олишга уриниб кўради. Шунингдек, Манчестер жамоаси “Реал”нинг бошқа бразилиялик футболчиси — Родригони ҳам ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда. Сабаби ёзги трансфер ойнасида “Сити”нинг бир қанча ҳужумкор футболчилари бошқа жамоаларга ўтиши кутилмоқда. Хусусан, Савиньо “Тоттенҳэм” билан, Жек Грилиш эса “Эвертон” билан келишувга эришгани айтилмоқда. Ушбу хабарлар фонида Пеп Гвардиола жамоани ички чемпионат ҳамда Европа Чемпионлар Лигасидаги рақобатбардошлигини ошириш учун “Реал”нинг икки етакчисига “кўз тиккан”.
Винисиус ҳақидаги миш-мишлар анча олдин тарқалган, чунки ҳужумчи “Реал” раҳбарияти билан янги шартнома бўйича келиша олмаяпти. Шу боис унинг жамоани тарк этиши эҳтимоли мавжуд.
Indykaila News хабарига кўра, инглиз клуби аллақачон Винисиус билан музокаралар бошлаган. Аммо ҳужумчи “Манчестер Сити” молиявий фейр-плей қоидаларини 115 марта бузганликда айбланаётганидан хавотирда. Сабаби, агар “шаҳарликлар”нинг айби исботланса, жамоа Чемпионшипга тушириб юборилиши мумкин. Мазкур ҳолат футболчини бир оз ўйлантирмоқда.
📍Exclusive: Vinícius Júnior looks like he’s been in secret talks with Manchester City.
— indykaila News (@indykaila) August 11, 2025
The @realmadrid star is considering a move away from Real Madrid 💣
The player does have concerns with all the uncertainty surrounding those 115 charges against @ManCity,
it’s no surprise… pic.twitter.com/wvxlCrAFZ0
- Винисиус ўтган мавсумда жамоа сафида 58 та ўйинда майдонга тушиб, 22 та гол урган ва 19 та голли узатма берган.
- Бразилиялик ҳужумчи 2018 йил ёзидан бери “Реал” сафида тўп сурмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2027 йил июнь ойининг охирида якунланади.
- Винисиуснинг бозор қиймати 170 миллион еврога баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)