Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига ҳужум уюштирди. Қатар пойтахти устида америкаликлар томонидан камида олтита ракета йўқ қилинди. Бу ҳақда ОАВлар хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Эрон яқинда америкаликларнинг ўз ядровий инфратузилмасига берган зарбаларига жавобан АҚШнинг ҳарбий базаларига ҳужум қилган. Шунингдек, еттинчи ракета Ироқ томон учиб ўтгани ҳам айтилмоқда.
Теҳрон Қатардаги Америка базаларидан бирига зарба берганидан сўнг, АҚШнинг ҳар қандай тажовузкор ҳаракатини жавобсиз қолдирмаслигини таъкидлади.
“Эрон ҳеч қачон ўзининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва миллий хавфсизлигига қилинган тажовузни жавобсиз қолдирмайди”, деди Эрон ҳарбийлари.
Axios манбаларига кўра, Қатардаги АҚШнинг “Ал-Удайд” базасига уюштирилган ҳужум “Ғалаба шарофати” деб номланган операциянинг бошланиши бўлган. Айни пайтда, Эрон Ироқдаги Америка объектларига қарши “Абу Абдуллоҳ” операциясини амалга оширишга киришган.
Воқеадан сал олдин АҚШ разведкаси Эроннинг АҚШнинг “Ал-Удейд” ҳарбий базасига ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Fox News’нинг маълум қилишича, бу АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик авиабазаларидан бири ҳисобланади.
Таъкидланишича, Қатардаги америкаликлар бошпаналарга яширинишга чақирилган. Шунингдек, АҚШ элчихонаси мамлакатдаги фуқароларига зарбалар тўхтагунича кейинги хабаргача хавфсиз жойларда қолишни маслаҳат берган. Шу орада Қатар ҳукумати мамлакат фуқаролари, резидентлари ва меҳмонлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида парвозларга тақиқ жорий этган. Яқин Шарқдаги воқеалар ривожи муносабати билан барча эҳтиёт чоралари кўрилган.
АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлигининг илғор штаби жойлашган “Ал-Удейд” авиабазаси сўнгги кунларда юқори жанговар шайлик ҳолатида эди. Объект яхши мустаҳкамланган ва Эрон томонидан бўлиши мумкин бўлган ҳужумни кутиб, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан жиҳозланган.
АҚШ 22 июнга ўтар кечаси Эрондаги учта ядровий объектга зарба берди. Соат 2:30 атрофида Американинг Б-2 самолётлари тоғ ичида жойлашган Фордодаги уранни бойитиш марказига ҳужум қилиб, унга камида ўнлаб 13 тонналик ГБУ-57 бункерга қарши бомбаларини ташлади.
Бир вақтнинг ўзида сувости кемалари Натанз ва Исфаҳондаги объектларга 30 га яқин Tomahawk қанотли ракеталарини учирди. Трамп нишонлар “тўлиқ йўқ қилинганини” эълон қилди. Шу билан бирга, Оқ уйдаги юқори мартабали амалдорнинг The Wall Street Journal’га маълум қилишича, зарбалар Эрондаги режимни ўзгартиришга қаратилмаган “бир марталик операция” бўлган.
Изоҳ (0)