Франция ҳарбийлари Исроилга учирилган Эрон дронларини уриб туширгани маълум қилинди. Бу ҳақда Франция мудофаа вазири Себастьян Лекорнуга таяниб, Al Jazeera хабар берди.

Лекорнунинг айтишича, Эрон 12 кунлик можаро давомида Исроил томон 400 га яқин баллистик ракета ва 1000 та дрон учирган.
“Француз армияси урушнинг сўнгги бир неча кунида Эрондан Исроилга учирилган 10 тача дронни ер-ҳаво тизимлари ёки Рафале қирувчи самолётлари орқали уриб туширганини тасдиқлашим мумкин”, деди Лекорну.
Исроил 13 июнь куни Эроннинг ядровий салоҳиятини йўқ қилиш мақсадида, унга ҳужум қилган. Авиаҳужумлар оқибатида Эрон ҳарбий қўмондонлари ва бир нечта ядровий олимлар ҳалок бўлган. Эрон расмийларига кўра, ҳужумда 610 киши ҳалок бўлиб, 5 мингга яқин киши жароҳатланган. Теҳроннинг жавоб зарбаларида Исроилда камида 28 киши ҳалок бўлиб, юзлаб биноларга зарар етган.
22 июнга ўтар кечаси АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ қуролли кучлари Эрондаги учта ядровий объект — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга муваффақиятли ҳужум уюштирганини маълум қилган. У Теҳрон можарони тўхтатишга рози бўлиши кераклигини таъкидлаган.
23 июнь куни Эрон Қатардаги Америка ҳарбий базаларига қарши операция бошлаган. АҚШнинг Ироқдаги базаси ҳам ҳужумга учраган. Қатар ўз ҳудудидаги ҳарбий базага берилган зарбалардан сўнг Эроннинг ҳаракатларини қатъий қоралаган. Мамлакат бевосита жавоб беришга ҳақли эканини билдирган. Қатарнинг баёнотини Саудия Арабистони ҳам қўллаб-қувватлаган. Шундан сўнг, Яқин Шарқдаги можаро кучайиши сабабли бир қатор давлатлар ўз ҳаво ҳудудини ёпган. 24 июнь куни Исроил ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ кучга кирган.
Изоҳ (0)