Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров санъатда ўз ўрнини топган ижодкор ҳисобланади. Бу йил 53 ёшни қаршилаган хонанданинг санъатга кириб келиши, айрилиқларга тўла ҳаёти ва ижодий фаолиятига назар соламиз.

Оғабек Собиров 1972 йил, 24 июнь куни Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида, темирйўлчи Карим ота хонадонида дунёга келган. Илк мусиқий сабоқларни акаси Мақсуд Собировдан олган. 1978 йил 9-ўрта мактабга, 1983 йилда 3-мусиқа мактабига ўқишга киради. Мусиқа мактабидан сўнг Урганч шаҳрида жойлашган санъат коллежида таҳсил олган. Оғабек Собиров кўплаб мусиқий танловларда муваффақиятли иштирок этган.
Филармония биносидан АҚШгача…

Илк яккахон концертини 21 ёшида Филармония биносида тақдим қилган хонанданинг бу борадаги натижалари ҳавас қилгулик. Оғабек Собиров пойтахтда 30 га яқин, вилоят ва туманларда 200 дан ортиқ яккахон концертлар муаллифи бўлган.
Бундан ташқари АҚШ, Германия, Франция, Бельгия, Канада, Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Эрон, Жанубий Корея, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, БАА, Исроил, Хитой, Туркманистон давлатларида бир неча марталаб яккахон концерт дастурларини тақдим этган.
“ Унвонни аввалроқ бериш керак эди, деган гапни эшитиш катта бахт”
Давлат мукофотидан аввал мухлисларнинг “Хоразм булбули” деган эътирофига муяссар бўлган Оғабек Собиров Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига 2002 йилда, Ўзбекистон халқ артисти унвонига эса 2020 йилда муносиб кўрилган.

— Санъаткор учун унвон “Аввалроқ берилиши керак эди” дейилган гапларни эшитишнинг ўзи катта бахт. Масалан, “Ие, сизга ҳам бердими? Тавба”, деса нима қилардим. Унда бу нарсанинг кераги бўлмасди. Чунки у шараф бўлмайди. Одамларнинг кўзида сохта санъаткор бўлиб гавдаланиб қоласиз.
Ижтимоий тармоқлар орқали, тўйларда, концертларда, халқимизнинг яхши кунларида одамлар билан ҳамсуҳбат бўлиб қоламиз. Шу пайтларда биринчи бериладиган савол шу: “Нима учун сизга Ўзбекистон халқ артисти унвони берилмаяпти?” Бу саволлардан мен тўғри маънода завқ олардим. Демак, шукрки, мен халқнинг назарида эканман. Кейин ҳам берилмаслиги мумкин эди. Аслида, гап берилиши ёки берилмаслигида ҳам эмас, масалан, халқ яхши кўрса, шунинг ўзи олий унвон.
Энди “10 йил олдин, 15 йил олдин берилса ҳам бўларди” деган гаплар бўляпти. Масалан, бу нарсага кўпчилик гувоҳ, очиқдан очиқ ёзишяпти. Бу нарсалар санъаткор учун улкан бахт. Айтишади-ку, ҳар бир нарсанинг ўз вақт-соати бор, демак, вақти бўлмаган. Мен шундай тушунаман. Аллоҳга беҳисоб шукур. Юртбошимизнинг камтарона санъатимизга назари тушганидан жуда хурсандман, дейди хонанда Ўзбекистон халқ артисти унвонини нисбатан кеч олгани ҳақидаги гап-сўзларга нисбатан.
Президентнинг тилла отига муносиб кўрилган хонанда
Одамлар орасида “Туркманистон президенти Оғабек Собировга тилла от совға қилгани учун уни давлат тадбирларига қўйишмаяпти”, деган гап-сўзларга хонанда бу уйдирма, бўлмаган миш-мишлар дея муносабат билдирган эди.

— Бировга ёқиш-ёқмаслик ҳамма даврда ҳам бўлган. Ростини айтсам, ўша пайтда 15-16 йиллар аввал кимларнингдир шеърини айтишим керак бўлди. Шу шеър менга ёқмади, танамга сингдиролмадим. Қўпол қилиб айтганда, ўша шеърни қўшиқ қилиб айтгим келмади. Кейин бу қўшиқ айтилмади, шундан бошланди бу аҳвол.
Халқимизнинг тўйларида кўп бўламиз, бир-икки кун қолганда тезда тадбирга етиб келинг, деган давлат чақириқлари бўлиб қолади. Бормасликнинг иложи йўқ, лекин бу ерда тўйга айтилганмиз, ойлаб кутган одамлар бор, одамлар ният қилишади. Қанча ҳаракат ва орзу-ниятлар билан қилинаётган тўйга бир кун қолганда “Боролмайман”, деб айтишни тасаввур қилиб кўринг. Уларнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Виждоним қийналарди, тўйни ташлаб, у ерга боролмасдим. Ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин. Биров “Пулни деб, озгина маблағ кўзига яхши кўринди-ю, давлатнинг бепул тадбири кўзига кўринмади”, дейиши мумкин, лекин унақа эмас.

Ҳар кимнинг шароити ҳар хил. Камбағал одам ният қилади. Мен боролмасам юзимга айтади: “Ваъда бердингми? Тўйнинг санасини ўзинг белгиладингми? Сўраган пулингни бердимми? Келасан, тамом”, дейди. Хўш, шу каби вазиятда нима деб жавоб қайтариш мумкин? Ушбу саволга ҳанузгача ҳеч кимдан қониқарли жавоб эшитмаганман. Шу нарсалар аста-секин менинг давлат тадбирларидан четлашишимга сабаб бўлди деб ўйлайман, дейди Оғабек Собиров.
АҚШ долларларидан ясалган “пулчамбар”
Оғабек Собиров эллик ёшдан ошган бўлса-да, ўзбек тўйларидаги энг талабгир хонанда. Мухлислари уни шунчалик яхши кўришганидан АҚШ долларларидан тайёрланган “пулчамбар”ларни тўйларда унинг бўйнига илиб қўйишади.

Хонанданинг маъмури жавобига кўра, бу ҳолат Хоразм вилоятининг Гурлан туманида ўтказилган суннат тўйида бўлган. Оғабек Собировнинг ашаддий мухлиси бўлган тўй эгаси хонанданинг бўйнига 20 та 1 долларлик купюрадан иборат “пулчамбар” тақиб қўйган.
Маълумот учун, “Хоразм булбули” Оғабек Собиров Хоразм тўйларида хизмат қилиш нархи 3000 доллар этиб белгиланган.
“Иккинчи марта уйланганим рост, қайнсинглимга уйланганим эса ёлғон”
Оғабек Собировнинг ҳаёти кўпчилик ўйлагандек фақат ютуқлар, ғалабалардан иборат бўлмаган. У ҳаётидаги энг ёмон ҳодиса аёлининг ўлими бўлганини айтади.

— Аёлим оламдан ўтган, лекин миш-мишлар шу қадар авж олиб кетдики, қайнсинглисига уйланди, деган гаплар тарқаб кетди. Аёлим қариндошимиз, тоғамнинг қизи бўлган. Эсласам, бошқача бўлиб кетаман. Ҳаётда энг эзилган даврим бўлди, у пайтларни эсласам, ўша ҳаётга яна қайтгандек бўламан, ярам янгиланади. Бу ҳаётда менинг юрагимни жароҳатлаган энг катта ҳодиса шу йўқотиш бўлади. Бундай тақдирни ҳеч кимга ҳеч қачон раво кўрмайман, дейди Оғабек Собиров.
“Раҳматли аёлим хотирасига фильм ишлаганмиз”
Оғабек Собиров ўзини кино оламида ҳам синаб кўрган. У актёр сифатида “Қизғалдоқ” номли фильмда бош ролни ижро этади. Ушбу фильм ҳам, фильм саундтреки ҳам жуда оммалашган.

— Оиламиздаги мудҳиш воқеа, фарзандларимизнинг онаси оламдан ўтгандан кейин уни бир умрга эслатиб турадиган ёдгорлик сифатида кино суратга олсак, деган маслаҳатлар бўлган. Бу таклифни кутмаган эдим. Ўйлаб қарасам, бу ҳам савоб, ибрат бўлади. Микойил Сулаймонов фильм сценарийсини ёзган, Иброҳим Расулов фильмни суратга олган. Бу фильм асосан реал воқеаларга асосланган, дейди Оғабек Собиров.
“Отамнинг дуолари сабаб шифо топдим, ўзлари эса оламдан ўтдилар”
Оғабек Собиров дадаси у чалинган дардни Худодан сўраб, ўзига олганини хотирлайди.

— Санъатга энди кириб келаётган пайтларим 1991—92 йиллар эди. Ётиб қолдим, жуда ҳам ёмон пайтларни бошимдан ўтказдим. Балки менга кўз тегдими, деган фикр ҳам йўқ эмасди. Ҳозир ота бўлиб ўша вазиятимда ота-онамга қанчалар қийин бўлганини биляпман. Дунёда ҳеч бир ота-она фарзандининг ёмон ҳолатини кўрмасин.
Дадам бизни шу даражада яхши кўрардиларки, бизни дунёга ишонмас эдилар. Уч-тўрт ой ётиб қолганимдан сўнг, миямда шамоллаш бўлиб, менингит бўлиб қолдим. Кейин яна тўрт ой бу касал билан курашдим, жуда хавфли бўлди. Деярли бир йилга яқин тўшакда ётдим. Ташқарига чиқиб, бирор жойга бора олмасдим, озиб, ўзимни таний олмайдиган даражага келиб қолдим, ойнага қараганимда қўрқиб кетардим.

Барибир ота — ота экан-да. Отам устимда туриб Аллоҳга нола қилганлар. “Боламнинг дардини олиб, менга бергин, болам қийналмасин”, деб. Буни ўз қулоғим билан эшитганман. Дадам шу дардимни сўраб, ўзларига олганлар. Шу воқеадан сўнг кундан кунга яхши бўлиб кетавердим, дадам эса икки йилга бормай вафот этдилар.
Дадам темирйўлчи бўлиб ишлаганлар. Жуда бақувват инсон эдилар. Ҳар куни 30-40 км пиёда ишга бориб келардилар. Лекин шу воқеадан кўп ўтмай оламдан ўтганлар. Баъзида биз отамизга мос фарзанд бўла олдикмикан, муносиб бўлиб, ҳурматларини жойига қўя олдикмикан, деб ўйлаб қоламан. Ҳозиргача шу фикр менга тинчлик бермайди, жуда қийналаман, дейди Оғабек Собиров отасининг эрта вафот этгани ҳақида.

Изоҳ (0)