АҚШ билан ядровий келишув бўйича музокараларда қатнашган Эрон вакиллари Исроилнинг ҳарбий операцияси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда CNN мухбири Дана Баш Оқ уй раҳбари Дональд Трампга асосланиб хабар берди.

Журналист АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефонда суҳбатлашганини ва ундан Исроилнинг Эронга берган зарбалари ҳақидаги фикрини сўраганини айтди.
Башнинг сўзларига кўра, Трамп унга “у алоқада бўлган одамлар энди ҳаётда йўқ” дея маълум қилган. Республикачи уларни “қаттиқ позиция тарафдорлари” деб атаган.
Журналист АҚШ президентидан музокарачилар Исроил ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганми деб аниқлаштирганида, “У жуда кинояли оҳангда: улар гриппдан ҳам, коронавирусдан ҳам ўлмаган”, деб жавоб берган.
Трамп Исроилнинг ҳаракатларини “жуда самарали” деб баҳолаган. Журналистнинг таъкидлашича, у Исроил ҳукумати томонидан кўрилган чораларни ҳам қўллаб-қувватлаган.
13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрон ядро қуроли яратишга яқинлашгани сабабли ядровий, ҳарбий объектлар ва юқори мартабали ҳарбийлар жойлашган манзилларга ҳужум қилди.
Зарбалар оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бир неча раҳбарлари ва эронлик физик-ядрошунослар ҳалок бўлди. Улар орасида Корпус қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бақерий, ИIQК “Хотам ал-Анбиё” бўлинмаси қўмондони Ғулом Али Рашид, шунингдек, олимлар Фаридун Аббосий Давоний ва Озод Муҳаммад Маҳдий Теҳрончий бор. Жами 78 киши ҳалок бўлди, 320 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Ўша куни кечқурун Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Исроилга қарши “Ҳақиқий ваъда-3” жавоб операцияси бошланганини эълон қилди. Эрон Исроилга уч марта ракета зарбалари берди, зарбалар бир нечта шаҳарларда қайд этилди. 70 дан ортиқ киши жароҳат олди, бир аёл ҳалок бўлди. Шу пайтда Теҳронда яна портлашлар эшитилди.
Эрон ва АҚШ апрель ойида ядровий келишув бўйича музокараларни қайта бошлади, беш раунд ўтказилди. Улар асосан Уммон ҳудудида ва билвосита тарзда бўлиб ўтди. Эрон ядро қуроли яратишга интилиш ҳақидаги айбловларни рад этмоқда ва келишув доирасида уранни бойитишдан воз кечмоқчи эмас.
Изоҳ (0)