Дания ҳукумати тобора кучайиб бораётган “китобхонлик инқирози”дан ташвишланиб, фуқароларни китоб харид қилишга ундаш мақсадида ҳозирда Европада энг юқори ҳисобланган 25 фоизлик китоб савдоси солиғини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эвронеwс хабар бермоқда.

Скандинавия мамлакатидаги китобларга қўйилган 25 фоизлик солиқ ҳозирда Европада энг юқори бўлиб, Буюк Британия сингари китоб маҳсулотларига умуман солиқ солмайдиган мамлакатлардан кескин фарқ қилади.
Дания маданият вазири Якоб Энгел-Шмидт ушбу ўзгариш туфайли дўконлар жавонларидан кўпроқ китоблар сотилишига умид билдирган. Режа давлатга йилига тахминан 330 миллион крон (44 миллион евро)га тушади. Бироқ Энгел-Шмидтнинг таъкидлашича, бу мамлакатнинг маданий келажагига йўналтирилган сармоя ҳисобланади.
“Мен маданият вазири сифатида бунга алоҳида эътибор қаратдим. Чунки сўнгги йилларда кучайиб бораётган китобхонлик инқирозига барҳам бериш учун барча чораларни кўришимиз керак, деб ҳисоблайман. Мен жуда фахрланаман. Ҳамкасбларни бундай катта маблағни данияликлар истеъмоли ва маданиятига сарфлаш кераклигига ишонтириш ҳар куни ҳам насиб этавермайди”, деди Энгел-Шмидт.
Таъкидланишича, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИHTT) таълим бўйича сўнгги ҳисоботида 15 ёшли даниялик ўсмирларнинг 24 фоизи оддий матнни тушуна олмаслиги аниқлангани Данияда ташвиш уйғотган. Бу кўрсаткич ўн йил олдингига нисбатан тўрт фоиз бандга юқори ҳисобланади.
Дания нашриёт саноати солиқларни пасайтиришни талаб қилиб, май ойидаги ҳисоботида ҳукумат “барча данияликлар - болалар ва катталар учун босма китоблардан фойдаланиш имкониятини кафолатлаши” кераклигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)