Хитойлик ва америкалик олимлар шундай қурилиш материали яратдиларки, у ёруғлик ва иссиқлик билан ўзаро таъсирлашиб, оддий цемент ва бетондан фарқли равишда биноларда иссиқлик тўпланишига эмас, балки уларнинг совишига ёрдам беради. Тадқиқот натижалари Science Advances илмий журналида чоп этилди.

Янги аралашмани қўллаш кундузги жазирама пайтида бино ичидаги ҳароратни 5 даража Цельсийга пасайтириш имконини беради.
“Бу цемент қотганда унинг юзасида табиий эттрингит минералининг кристалларига ўхшаш махсус тузилма ҳосил бўлади. У бир вақтнинг ўзида кўринадиган ёруғликни яхши акс эттиради ва шу билан бирга ўрта инфрақизил нурланишни деярли тўлиқ ўтказади. Бу бизга кундузги жазирамага ўхшаш шароитда бино ичидаги ҳароратни 5 даража Цельсийга пасайтириш имконини берди”, дейди тадқиқотчилар.
Олимлар “фотон-структураланган цемент” деб номлаган материал Хитой Халқ Республикасининг Жануби-Шарқий университети профессори Миао Чанвен раҳбарлигидаги хитойлик ва америкалик материалшунослар гуруҳи томонидан яратилган. Уларнинг ишланмаси классик цементнинг асосий камчиликларидан бирини бартараф этишга қаратилган. Бу камчилик цементни тропик ва иссиқ мамлакатларда қўллашга тўсқинлик қилади, чунки унинг асосидаги қурилиш материаллари қуёш нури ва иссиқлигининг атиги 30 фоизини акс эттиради.
Олимлар оддий ва “фотон-структураланган цемент”дан уйнинг кичик моделларини ясаб, уларнинг қуёш нури ва иссиқликка бўлган реакциясини кузатишган. Ушбу тажрибалар шуни кўрсатдики, янги материал куннинг энг иссиқ соатларида уй деворларининг қизишини 60-70 даражадан 30-35 даража Цельсийгача камайтирган. Натижада бино ичидаги ҳарорат 5 даражага пасайган.
“Келажакда бу уйларни совитиш харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради”, дейилади мақолада.
Изоҳ (0)