Тожикистондан олиб келинган қарийб 50 кг опий гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинди.
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида яшовчи, 1990-й.т. фуқаро 49 кг 599 грамм опий моддасини ўзининг бошқарувида бўлган юк автомашинаси юкхонасидаги хуфиёна жойга яширган ҳолда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманига олиб келган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув давомида Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган мазкур гиёҳвандлик воситаси келгусида Хоразм ҳудудида сотилиши режалаштирилганлиги маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддасининг 2-қисми (ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролининг бошқа турларини, шундай қуролларни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материал ва мосламаларни, радиоактив материалларни, шунингдек гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш) ва 273-моддасининг 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунингдек, тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Гиёҳванд моддалар савдоси
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, шунингдек, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Апрель ойи охирида Тошкент вилоятида наркокурерлик билан шуғулланган коллеж талабаси ушланганди.
Октябрь ойининг 10 куни давомида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан (“закладка”) тарқатган ва шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланган 32 нафар шахс ушланган.
Изоҳ (0)