21 август куни Миллий матбуот марказида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда мазкур молия муассасаси мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли давлат дастурларида фаол иштирок этаётгани таъкидланди.
Хусусан, банкда уй-жой харид қилиш, қуриш, реконструкция ва таъмирлаш мақсадлари учун 10 дан ортиқ кредит маҳсулотлари жорий қилинган.
2025 йилнинг 7 ойида банк томонидан барча манбалар ҳисобидан 4 596 нафар фуқарога 1 трлн 273 млрд сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган.
Жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан бирламчи уй-жой бозоридаги квартиралар сотиб олиш, уй-жой қуриш (реконструкция қилиш) учун – 3 709 нафар фуқарога 1 трлн 41 млрд сўм ажратилди. Шундан 1 841 нафар фуқарога 545 млрд сўмлик ипотека кредитлари субсидия тўловлари асосида берилди.
Ўтган даврда банк томонидан:
- Қишлоқ қурилиш инвест Инжиниринг компанияси иштирокида намунавий уй-жойлар учун – 367 нафар фуқароларга 52 млрд сўмлик;
- банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан иккиламчи бозордан уй-жой харид қилиш, уй-жой таъмирлаш, қуриш ва реконструкция қилиш учун – 501 нафар фуқарога 174,2 млрд сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан банк томонидан аҳолига ажратилган ипотека кредитлар салмоғи 941 млрд сўмга ёки 383 фоизга ортди.
Брифингда қайд этилишича, “Бизнесни ривожлантириш банки”да аҳолига ипотека кредити ажратилишида қатор қулайликлар жорий қилинган.
Хусусан, расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга уларнинг Humo ва Uzcard банк карталари айланмаси маълумотлари асосида ипотека кредити ажратиш механизми жорий қилинган.
Аҳоли хонадонларини энергия тежамкор ва экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда таъмирлашлари учун “Яшил таъмир” ипотека кредити маҳсулоти жорий этилди.
Бундан ташқари ипотека кредити ажратилишида банк мобил иловаси орқали онлайн ариза юбориш имконияти яратилган.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)