АҚШ президенти Дональд Трампнинг май ойида Яқин Шарқ минтақасига қилган сафари India–Middle East–Europe Economic Corridor (IMEC) лойиҳасининг истиқболига сезиларли таъсир кўрсатди. Ҳиндистон, БАА, Саудия Арабистони, Исроил ва Европани қамраб олувчи ушбу иқтисодий лойиҳа Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” ташаббусига қарши кучли муқобил сифатида таърифланмоқда. Қуйидаги мақолада лойиҳанинг геосиёсий ва геоиқтисодий ўлчамлари ҳақида сўз юритилади.
Лойиҳанинг дунёга келиши
IMEC (India–Middle East–Europe Economic Corridor лойиҳаси расмий равишда 2023 йил 9 сентябрь куни Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган G20 саммитида эълон қилинган. Бу ташаббус Ҳиндистон, АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Франция, Германия, Италия ва Европа Иттифоқи томонидан имзоланган англашув меморандуми орқали бошланган.
IMEC’нинг асосий мақсади Ҳиндистон, Форс кўрфази мамлакатлари ва Европа ўртасида савдо, транспорт ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш орқали иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдир. Лойиҳа икки асосий йўналишни ўз ичига олади:
Шарқий йўналиш — Ҳиндистондан БАА ва Саудия Арабистонига;
Шимолий йўналиш — Саудия Арабистонидан Исроил орқали Европага.
Бу коридор темир йўл, денгиз йўллари, қувурлар ва юқори тезликдаги рақамли алоқа тармоқларини ўз ичига олган мултимодал транспорт тизимини яратишни назарда тутади.
Бироқ 2023 йил октябрь ойида содир бўлган воқеадан сўнг, Исроилнинг Фаластинга нисбатан бошлаган агрессив хатти-ҳаракатлари минтақани яна олов ичига ташлади. Натижада Исроилнинг Иордания ва Саудия Арабистони билан муносабатлари совуқлашди. Ваҳоланки, бу давлатлар IMEC лойиҳасининг муҳим бўғини ҳисобланар эди.

Трампнинг қайтиши ва лойиҳанинг жонланиши
Дональд Трампнинг президентлик курсига қайтиши — том маънода IMEC лойиҳасига янгитдан ҳаёт бахш этди.
2025 йил февраль ойида Трамп Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашиб, IMEC’ни “тарихдаги энг буюк савдо йўлларидан бири” деб атади ва лойиҳани қайта фаоллаштиришга ваъда берди.
Трампнинг ёндашуви, АҚШнинг молиявий иштирокини минималлаштириб, минтақавий ҳамкорлар – Ҳиндистон, Саудия Арабистони, БАА ва Исроил орқали лойиҳани амалга оширишга қаратилган.
Жорий йилнинг 13–16 май кунлари Трампнинг Яқин Шарққа қилган сафари давомида Саудия Арабистони, Қатар ва БАА билан умумий қиймати 2 триллион доллардан ортиқ иқтисодий келишувлар имзоланди.
Саудия Арабистони АҚШга 600 миллиард доллар сармоя киритишни ваъда қилган бўлса, Қатар билан 1,2 триллион долларлик иқтисодий ҳамкорлик келишуви имзоланди. БАА эса 200 миллиард доллардан ортиқ тижорат битимларини эълон қилди.
Бу келишувлар IMEC лойиҳасининг молиявий асосларини мустаҳкамлаш билан бирга, Қўшма Штатларнинг минтақадаги иқтисодий таъсирини оширишга хизмат қилади. Айниқса, БАА билан сунъий интеллект соҳасида 1,4 триллион долларлик ҳамкорлик битими имзоланиши, IMEC доирасида рақамли инфратузилмани ривожлантиришга катта туртки беради.
IMEC лойиҳаси фақатгина Ҳиндистондан Европага маҳсулотларни етказиб беришни эмас, балки нефтга бой бўлган араб мамлакатларидаги нефть ва газни Европа мамлакатларига етказишни ҳам ўз ичига олади.
Масалан, Исроил ҳукумати Америкага Саудия Арабистонидан Исроилнинг Қизил денгиз бўйида жойлашган Эйлат шаҳригача нефть қувури қуришни таклиф қилмоқда. Қувурнинг узунлиги 700 километрни ташкил қилади.
Бу араб мамлакатларидаги нефтни Европа давлатларига элитиш учун энг қисқа, энг тез ва хавфсиз йўналиш ҳисобланади. Маълумотларга кўра, нефть Эйлат-Ашкелон қувур линияси (EАSP) орқали Ашкелон (Исроилнинг Қизил денгизда жойлашган порти – таҳр.)га ва у ердан Ўрта денгиз орқали Европага танкер билан етказилади.

Минтақадаги барқарорлик
Ҳар қандай иқтисодий лойиҳа амалга ошиши учун — минтақада аввало тинчлик бўлиши зарур. Савол туғилади: АҚШ минтақада барқарорлик қандай ўрнатиши ва уни ниманинг ҳисобига ушлаб туради?
Сиёсатшунос Ҳабибулло Азимовнинг фикрича, Қўшма Штатлар дипломатик воситачилик ҳамда лойиҳа доирасида Исроилга катта имкониятлар тақдим этиш орқали минтақада тинчликни таъминлаши мумкин.
“India–Middle East–Europe Economic Cоrridor лойиҳасининг амалга ошиши — иқтисодий жиҳатдан катта салоҳиятга эга ташаббус сифатида қараб келинмоқда. Албатта, бу ташаббусни илгари суриш учун бир нечта минтақаларда, жумладан Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ниҳоятда аҳамиятли. АҚШ бошчилигидаги Ғарб, жумладан Ғазо сектори ва Исроил-Фаластин ҳудудларида барқарор тинчликни таъминлаш катта аҳамият касб этади. Американинг бу борадаги роли ҳал қилувчи ҳисобланади. Албатта, у қуйидаги йўллар билан минтақада барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшиши мумкин.
Биринчиси — бу дипломатик воситачилик роли орқали. Бунда Қўшма Штатлар Ғазо секторида тинчликни таъминлаш учун, Исроилга бу лойиҳа ичида катта имкониятлар беришни кафолатлаши ва шу зайлда Ғазода дипломатик йўллар билан тинчликни таъминлаши мумкин.
Иккинчиси — АҚШ Ғазодаги гуманитар ва иқтисодий аҳволни юмшатиш учун БМТ орқали гуманитар ёрдамларни кучайтириши мумкин.
Учинчиси — Америка Саудия Арабистони, Миср, Иордания ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлар билан биргаликда минтақавий хавфсизлик механизмларини ишлаб чиқиши ва у орқали Ғазода ҳамда минтақада кучли мувозанатни сақлаши мумкин. Айниқса, Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида Иброҳим келишувлари Араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги тарихий можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш имконини беради.
Тўртинчиси — Агар ҳақиқатда Америка IMEC лойиҳасига жиддий эътибор қаратадиган бўлса, албатта Яқин Шарқ минтақасига тинчликни олиб келиш учун Исроилга турли хил босимлар ўтказиши мумкин”, дейди у.

Эрон омили
IMEC лойиҳасининг амалга ошиши минтақада кучли таъсир эга бўлган Эроннинг позицияларини бир мунча заифлаштиради. Эрон узоқ йиллардан бери ўз ҳудудини Ҳиндистон, Марказий Осиё, Кавказ ва Европа ўртасида транспорт ва транзит йўлаги сифатида илгари суриб келаётган эди.
Айниқса, охирги вақтларда INSTC – International North–South Тransport Corridor лойиҳаси жонланиб қолган эди. Бошқа йўналишлар IMEC туфайли янада рақобатбардош бўлганидан сўнг, INSTC ва бошқа Эрон асосидаги йўллар эътиборсиз қолиши мумкин.
Яқин Шарқда сармоялар ва инфратузилма ривожи IMEC атрофида жамланади, бу Эроннинг минтақавий позициясини заифлаштиради. Шу туфайли Эрон IMEC’га муқобил сифатида INSTC (Шимол-Жануб коридори) лойиҳасини кучайтиришга уринмоқда.
Бу йўналиш Эронни Ҳиндистон ва Россияни боғловчи асосий йўлга айлантиришга қаратилган. Шунингдек, Эрон Хитой билан яқинлашув (масалан, 25 йиллик стратегик ҳамкорлик битими) орқали иқтисодий альтернативлар изламоқда.
Европанинг лойиҳага муносабати
Европанинг бир қатор етакчи мамлакатлари, айниқса Франция ва Италия IMEC лойиҳасини стратегик ва иқтисодий имконият сифатида кўриб, фаол иштирок этишга интилмоқда.
Масалан, Франция президенти Эммануэл Макрон IMEC лойиҳасига катта аҳамият бериб, уни Франциянинг миллий манфаатларига мувофиқ деб ҳисоблашини айтган. Ҳатто, ушбу лойиҳани илгари суриш учун собиқ Engie компанияси раҳбари Жерар Местралени Франциянинг махсус вакил этиб тайинланган.
Франциянинг мақсади — Марсель портини Европадаги асосий кириш-чиқиш нуқтасига айлантириш ва Франция компанияларини транспорт, энергетика, муҳандислик ва инфратузилма соҳаларида иштирок этишга жалб қилишдир
Италия IMEC лойиҳасини Ўрта ер денгизи, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида кўради. Бош вазир Жоржия Мелони БАА билан стратегик келишувлар имзолаб, Италия компанияларининг энергетика, транспорт ва телекоммуникация соҳаларида иштирокини таъминлашга интилмоқда.
Италия, шунингдек, Хитой билан 2019 йилда имзоланган “Бир камар, бир йўл” ташаббусидан 2023 йил декабрь ойида расмий равишда воз кечди. Бу эса уни IMEC лойиҳасига янада кўпроқ эътибор қаратилишига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва G7 давлатлари IMEC лойиҳасини муҳим инфратузилма ташаббуси сифатида қўллаб-қувватламоқда. 2024 йилнинг июнь ойида Италияда бўлиб ўтган G7 саммитида IMEC лойиҳасига молиявий ва сиёсий ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга эришилган.
Бир сўз билан айтганда, IMEC лойиҳаси катта ўйин саҳнасидаги янги йўлак. У Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Европани боғловчи янги мултимодал иқтисодий йўлак бўлиб, у глобал савдо тизимини диверсификация қилиш, транзит вақтини қисқартириш ва Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” ташаббусига муқобил яратиш мақсадида илгари сурилмоқда.
Лойиҳа АҚШ, Европа Иттифоқи, G7, Ҳиндистон, Саудия Арабистони ва бошқа стратегик шериклар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, IMEC – бу XXI аср инфратузилма сиёсатининг марказида турган энг йирик геоиқтисодий лойиҳалардан бири бўлиб, унинг тақдири Яқин Шарқдаги барқарорлик, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ишонч ва халқаро сиёсий мувозанатга бевосита боғлиқ.
Изоҳ (0)