Лондон университети коллежи олимлари сайёрани совитиш учун янги самолётлар яратиш ўрнига мавжудларидан фойдаланиш мумкинлигини аниқлади. Бу усул атмосферага қуёш нурини қайтарувчи ва Ер ҳароратини пасайтирувчи майда заррачалар қўшиш орқали амалга оширилади. Тадқиқот натижалари Earth журналида эълон қилинди.

Илгари бу мақсадда аэрозолларни жуда юқорига — экватор атрофида 20 километр баландликка кўтариш зарур, деб ҳисобланарди. Бу эса махсус самолётлар яратишни талаб этарди. Янги тадқиқот шуни кўрсатдики, агар заррачалар Ер қутбларига яқинроқ, 13 километр баландликда, масалан, Норвегия ёки Аляска ҳудудларида тарқатилса, Boeing 777F каби оддий юк ташувчи самолётлардан фойдаланиб сезиларли даражада совитишга эришиш мумкин.
Бу усул заррачаларни экваторга яқинроқ ва юқорироқда тарқатишга нисбатан бир оз камроқ самарали бўлади. Худди шундай таъсирга эришиш учун тахминан уч баравар кўп модда ишлатиш керак бўлади. Бу эса кислотали ёмғирлар каби салбий оқибатлар хавфини оширади. Бундан ташқари, бу усул исиш оқибатлари энг оғир бўлган тропик ҳудудларни яхши совита олмайди.
Шунга қарамай, олимлар иқлим ўзгаришига қарши курашнинг барча мумкин бўлган усулларини ўрганиш муҳимлигини таъкидламоқда. Янги техника яратилишини узоқ йиллар кутгандан кўра, мавжуд самолётлардан фойдаланишни тезроқ бошлаш осонроқ ва арзонроқ бўларди.
Тадқиқотчиларнинг алоҳида таъкидлашларича, бу усул иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш заруриятини рад этмайди. Глобал исиш муаммосининг ҳақиқий ечими углерод изини камайтиришга эришишдир.
Бундан олдин Solar Orbiter ўзининг Extreme Ultraviolet Imager камераси ёрдамида тўрт ярим соат ичида 200 та алоҳида кадр олгани хабар қилинганди.
АҚШнинг Колорадо университети олимлари қадимги Марс мўтадил сайёра бўлиб, мавсумга қараб ёмғир ва қор ёғган, юзаси бўйлаб сой ва дарёлар оққанлигини маълум қилишганди.
Олимлар Ердан 124 ёруғлик йили узоқликда жойлашган океан билан қопланган K2-18b экзосайёрасида ҳаёт изларини аниқлаганди.
Апрель ойи бошларида Уран сайёрасида кун қанча давом этиши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)