Хитой Жанубий Хитой денгизида Филиппинга тегишли энг муҳим ҳарбий базалардан бир неча километр узоқликда жойлашган баҳсли рифни ўз ҳудуди деб эълон қилди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар берди.

Маълум қилинишича, гап Спратли архипелагидаги аҳоли яшамайдиган Сенди Кей ороли ҳақида кетмоқда. Хитой қирғоқ қўриқлаш хизмати оролда миллий байроқни кўтарган. Бу сўнгги йилларда минтақадаги бўш турган ер участкасининг илк бора расман эгалланиши бўлди.
Репортажда таъкидланишича, Пекин бу ҳаракатни “суверенитетни эълон қилиш ва Филиппин томонининг ноқонуний фаолияти ҳақидаги видеодалилларни тўплаш” мақсадида амалга оширган. Сенди Кей — майдони 200 квадрат метрдан сал каттароқ бўлган қумли саёзликдан иборат. Бироқ халқаро қонунларга кўра, у 22 километр радиусдаги ҳудудий сувлар устидан назорат ҳуқуқини беради. Бу ҳудудга Филиппин томонидан Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги фаолиятини кузатиш учун фойдаланиладиган Титу ороли ҳам киради.
Титу оролида 2023 йилдан бери Филиппин бошқарувида бўлган энг муҳим таянч пунктларидан бири жойлашган. Ҳозирда бу ерда инфратузилма, жумладан, учиш-қўниш йўлаги замонавийлаштирилмоқда.
Филиппин ҳозирча Сенди Кейда Хитойнинг доимий иштироки аломатларини қайд этмаган. Мамлакат денгиз хавфсизлиги бошқармаси вакилига кўра, Хитой қирғоқ қўриқлаш хизмати зобитлари байроқ ўрнатиб, суратга олгач, оролни тезда тарк этган.
Хитойнинг риф устидан юрисдикция эълон қилиши 28 апрелда Спратли архипелаги яқинида бошланадиган Филиппин-Америка ҳарбий машғулотлари арафасида содир бўлди. Ушбу машғулотлар қирғоқ мудофааси ва оролларни эгаллаш амалиётларини ўз ичига олади.
Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий низолар Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япония бой берган икки орол гуруҳи сабабли юзага келган. Спратли архипелагига Хитой ва Филиппиндан ташқари Вьетнам, Тайван, Малайзия ва Бруней ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Изоҳ (0)