1917 йил 18 апрелда ўртоқ Чучурин, Тахво Кененин, Веснушкин, Қўрқоқ ва Балзаминов образлари билан кўпчиликнинг ёдида қолган Георгий Вицин дунёга келган.
Леонид Гайдайнинг комедиялари актёрни абадиятга муҳрлади. Унинг фильмографиясида драматик роллар камроқ бўлса-да, уларда ҳам у ёрқин образлар яратган. Актёрнинг биринчи жиддий роли Григорий Козинцевнинг “Белинский” (1953) фильмида бўлиб, унда Георгий Вицин Николай Гогол ролини ижро этган.
Георгий Михайловичнинг рўйхатида жами 345 та иш мавжуд бўлиб, уларга овоз берилган мультфильм қаҳрамонлари ҳам киради.
Бугун биз сизга у ҳақида билмаслигингиз мумкин бўлган маълумотларни айтиб ўтамиз.
Уятчан бўлган
Мактаб йилларидаёқ Георгий камтарин ва одамови эди. Ҳатто доскага чақирилганда ҳам қизариб кетар, жавобни унутиб қўяр, сўзларини бир-бирига боғлай олмасди. Тўртинчи синфда у мактабдаги драма тўгараги ҳақида эшитади ва бу тўгарак комплекслардан халос бўлишига ёрдам беради деб ўйлайди.
Шунда у ўз устида ишлашга аҳд қилади — турли характердаги ролларни синаб кўрар, улар ортига ҳақиқий ўзини яширарди. Қаҳрамонлар ниқоблари унинг тортинчоқлигига эътибор бермасликка ёрдам беради, мактаб эса Георгийга унинг ҳақиқий қобилиятини кўрсатади — у актёрлик соҳасида 61 йил ишлайди.
Рассом бўлишни орзу қилган
Мактаб йилларида Вицинни нафақат актёрлик маҳорати, балки балет ва расм чизиш ҳам қизиқтирган. Рақс тўгаракларига қатнашишга ота-онаси қаршилик қилади. Расм чизиш эса узоқроқ давом этади. “Етти йиллик”ни тугатгач, бўлажак актёр бадиий билим юртига киришни ўйлайди (айниқса, ҳажвий расмларни яхши чизарди).
Диплом ололмаган
Мактабни тугатгач, у Кичик театр қошидаги театр билим юртига (ҳозирги М.С. Шчепкин номидаги Олий театр билим юрти) ўқишга киради. Бироқ бир йилдан сўнг “ўқув жараёнига енгилтаклик билан ёндашгани учун” у ердан четлаштирилади. Шу пайтда Вицин Й.Вахтангов номидаги театр қошидаги театр билим юртида (ҳозирги Борис Шукин номидаги театр институти) таҳсил ола бошлайди ва кейинчалик МХАТнинг театр студиясига ўтади.
Кўп ўтмай студия тарқатиб юборилади ва Вицин дипломини ололмайди. Бироқ актёр Николай Хмелёв уни ҳозирда Ермолов номидаги драма театри сифатида танилган ўзининг театр-студиясига таклиф этади.
Вегетариан бўлган ва ёга билан шуғулланган
Санъаткор соғлом турмуш тарзининг тарафдори эди — ичмас, чекмасди. Актёр биринчи ва сўнгги марта 7 ёшида сигарет чеккан ва “ўлишига сал қолган”. Шундан кейин у ҳеч қачон тамакига қўл урмаган.
У шарқ амалиётларига қизиқар, ўрганиш учун зарур бўлган адабиётларни харид қилар ва ўзига кўпроқ ёққан машқларни танлаб оларди. СССРда ғайриоддий ҳисобланган бу қизиқиш санъаткорнинг атрофидагиларни ҳайратга соларди. У эса 15 дақиқада тўйиб ухлай олар, томир уришини гоҳ тезлаштириб, гоҳ секинлаштириб (ролга яхшироқ кириш учун) бошқара оларди.
Ҳатто “Кавказ асираси ёки Шурикнинг янги саргузаштлари” фильми устида ишлаётганда ҳам Моргунов, Никулин ва Вицин пиво ичган саҳнада, Вицин аслида наъматак дамламасини ичган.
Унинг севимли бўйинбоғи бўлган
60 йил давомида Вицин саҳнага “бўғма” деб эркалаб атаган севимли галстуги билан чиқарди. Унинг коллекциясида 80 та шундай “бўғмача” бор эди, аммо у доимо биттасини тақиб юрарди. Ҳатто уни бир марта ҳам ювишга бермаган.
Ҳайвонларни жуда яхши кўрган
Вицин уйсиз мушук ва итларни боқар, қушларга тариқ сепарди. У сайрга чиққанида орқасидан бир гала ит эргашиб юрарди. Ҳайратланарлиси шундаки, актёрнинг уйида бир нечта хонқизи яшарди — улар хонадон бўйлаб учиб юрар, актёр эса уларни завқ билан кузатарди.
Бундан ташқари, унинг ити “она” сўзини айта оларди, тўтиси эса: “Нимага тинмай югуряпсан? Бориб ухласанг-чи!” деган жумлани такрорларди. Эҳтимол, қуш актёрнинг хотинига айтадиган сўзларини ўзлаштириб олгандир.
Айтишларича, ҳайвонлар ҳатто актёрни сўнгги йўлга кузатишга ҳам келган. Одамлар уларни ҳайдамаган.
Кексайганида тиш шифокорига бормай қўйган
Актёр ёши ўтиб тишларидан ажралганда, танага бегона нарсаларни киритиш ғоясини рад этгани учун сунъий тишлар қўйдиришни истамайди. Шундай бўлса-да, унинг мукаммал диксияси сақланиб қолади.
“Одам дунёга тишсиз келади ва тишсиз кетади”, дерди Вицин.
У камтарин эди ва интервью беришни ёқтирмаган
Кундалик ҳаётда актёр жамоат транспортидан фойдаланарди, таниб қолишмаслиги учун эса бошига кепка кийиб, эгнига кулранг плаш ташларди. Агар эътибордан четда қолишнинг иложи бўлмаса, ўзини артистнинг акаси деб таништирарди. Журналистлар билан суҳбатлашишни ёқтирмасди, бироқ сўнгги суҳбатларнинг бирида ўлим ҳақида гапиради:
Изоҳ (0)