Осмонда енгил парвоз қилаётган қушларни кўрганимизда уларнинг тезлиги ҳақида камдан кам ўйлаймиз. Аммо шундай қушлар борки, улар ўзининг шиддатли тезлиги билан ҳайратга солади. Бундай қушларнинг ҳар бири табиатнинг мўжизасидир. Қуйида ер юзидаги энг тезкор 5 та қуш билан таништирамиз.
5-ўрин: Мексика эркин думли кўршапалаги

Мексиканинг эркин думли кўршапалаги горизонтал парвозда энг тез уча оладиган сутемизувчилар сирасига киради. Унинг авиатрекер ёрдамида ўлчанган тезлиги соатига 160 километргача етган. Шамол омилини ҳисобга олмаган тақдирда ҳам, бу ҳайратланарли натижа.
Бу турдаги кўршапалак АҚШ жанубидан то Чили чегарасигача бўлган ҳудудларда учрайди. Айниқса, ғорлар ва кўприклар тагида яшашни ёқтиради. Техасдаги кўприк тагида ёзда 1,5 миллионтагача бўлган кўршапалаклар уюми тўпланади, Брекен ғорида эса уларнинг сони 20 миллионга етиши мумкин.

Унинг ўлчами кичик: узунлиги 9 сантиметр, оғирлиги эса 12 граммгача. Аммо қанотлари узун ва ингичка. Юзи ажинли, қулоқлари эса деярли бошининг тепасигача чўзилган. Парвозда капалак, чумоли ва чигирткаларни тутади.
4-ўрин: Миққий

Миққий — лочинсимонлар оиласига мансуб йиртқич қуш. Гавдасининг узунлиги 31-38 сантиметр, вазни 180-240 грамм. Осиё, Европа, Африкада тарқалган. Осиё ва Африканинг тропик ва субтропик ҳудудларида қишлайди. Ўрта Осиёда ўтроқ яшайди. Жарлар ва қоялардаги ковакларга ҳамда дарахтларга уя қуради.
Бу қуш худди тирик ўқдек. Ялтироқ, узун ва учли қанотлари билан миққий тезлиги 160 километр/соатга етади. У ҳашаротлар, капалаклар, майда қушлар ва ҳатто кўршапалакларни ушлайди. Ўлжани чангали билан тутади, кейин ҳавода учиб кетаётган ҳолда уни ейди.

Қизиқарли факт: илгари бу қушни ов учун ўргатишган ва миққий бу ишни катта лочинлар каби маҳорат билан бажарган.
3-ўрин: Оқбўйин жарқалдирғоч

Унинг танаси гўё снарядга ўхшайди: зич, чўзилган, кучли қанотлар ва игнасимон думга эга. Бежизга инглиз тилида уни “неедле-таилед сwифт” деб аташмайди. Горизонтал парвозда тезлиги 169 километр/соатга етиши мумкин. Ёзда Сибир ва Марказий Осиёда учратиш мумкин, қишда эса Ҳиндистон, Жануби-Шарқий Осиё ва Австралияга учиб кетади. Европада жуда ноёб. Англияга тасодифан кириб қолган шундай қушлардан бири шамол турбинасига урилиб ҳалок бўлган. Девор ёки ерга тушишни ёқтирмайди, парвозда ухлайди, ов қилади.
2-ўрин: Бургут

Бургут эркин парвозда 120–160 километр/соат тезликда учади. Аммо ўлжага шўнғиган пайтида бу кўрсаткич 320 километр /соатгача етади. Бургут Америкада кенг тарқалган. Тоғ ва чўлларнинг одам яшамайдиган узоқ жойларида, қоялар орасида, саксовулзорларда учрайди. Одатда бир-бирига яқин 2-3 уяси бўлиб, биттасидан фойдаланади.
Бургут паррандалар (каклик, дудоқ), юмронқозиқ, тошбақа, қуён ва бошқа ҳайвонлар билан озиқланади. Ўрта Осиёда бургутнинг ёш жўжасини қўлга ўргатишади. Вояга етганида уни қуён, тулки ва ҳатто бўри овига олиб чиқишади. Кемирувчиларни қириб, қишлоқ хўжалигига фойда келтиради. Бургут Ўзбекистон ва бошқа давлатлар Қизил китобига киритилган.
Унинг қанотлари ёйилганда 2,3 метргача етади, оғирлиги ўртача 7,7 килограмм. Урғочилари эркакларига қараганда каттароқ бўлади.
1-ўрин: Сапсан

Сапсан йиртқич қушлар туркумининг лочинсимонлар оиласига мансуб, Антарктидадан ташқари барча қитъаларда кенг тарқалган. Елкаси, боши тўқ қорамтир, танасининг остки қисми оқ. Унинг тезлиги 389 километр/соатгача етади. Сапсан сайёрадаги энг тез мавжудот ҳисобланади. Бу ҳайвонот дунёсида қайд этилган мутлақ рекорд.
Ўзбекистонда қушлар учиб ўтиш даврида ва қишлаб қолганда учрайди. Уясини қояларга, қарғаларнинг эски уяларига қуради. Асосан, қушлар (каптар, балчиқчи, ўрдак, балиқчи, қарға, чуғурчуқ, тўрғай ва бошқалар)ни овлайди. Аэропорт, боғ ва узумзорларни қушлардан қўриқлашда фойдаланилади.

ХХ аср ўрталарида сони камайиб кетгани туфайли АҚШ, Канада, Германия, Швеция ва бошқа мамлакатларда сапсанни кўпайтириш йўлга қўйилди. Табиатда камёб тур мақоми билан Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига ва “Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисида”ги конвенция (CITES)нинг II иловасига киритилган.
Қизиқарли факт: шаҳар шароитида сапсанлар баланд бинолар ва кўприкларда уя қуради, ов сифатида эса каптар ва ўрдакларни танлайди. Буни шунчалик усталик билан бажарадики, ҳаттоки орнитологлар (қушшунослар) ҳам баъзида уларни осмонда кўрмай қолишади. Устунлар устида ёки осмонўпар биноларнинг четида полапонлар боқиш одати қадимда қояли жарликларда яшаган даврлардан қолган.
Изоҳ (0)