Президент фармони билан Ўзбекистонда прокуратура, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари сектор ишидан озод қилинади.

21 апрелда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга кўра, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти янги тартиб асосида йўлга қўйилади.
Прокурор, ички ишлар ва солиқ органлари раҳбарлари секторлар фаолияти бўйича юклатилган вазифалардан озод этилади. Секторлар ишига бош вазир ўринбосарлари ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари масъул этиб белгиланади.
Ҳужжатда белгиланишича, Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда секторларнинг янги тартиб асосида фаолият юритиши бўйича президент қарори лойиҳасини киритиши лозим.
Прокуратура, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари сектор ишидан озод қилиниши ҳақида Шавкат Мирзиёев 5 март куни ўтказилган коррупцияга қарши курашишга доир йиғилишда маълум қилганди.
“Прокуратура, ички ишлар, солиқ раҳбарлари яхшилаб эшитиб олсин: сектор ишидан озод қилиш бу — эски даврга қайтиб, аҳоли ва тадбиркорларга ҳар қадамда тўсиқ, коррупцияга шароит яратиш, дегани эмас”, деган эди президент.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти бундан саккиз йил аввал йўлга қўйилганди. Йиғилишда бу тизим йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиб, вазиятни ўнглаш учун барча кучларни сафарбар этишга кўмаклашгани, аммо кейинги пайтда прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторни баҳона қилиб, соҳасидаги ишларни сусайтириб юборгани қайд этиб ўтилганди.
Ўзбекистондаги “4 та сектор” тизими ҳақида
2017 йилдан бошлаб ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш мақсадида “4 та сектор” тизими жорий этилган эди. Ушбу тизимда ҳар бир туман ёки шаҳарда қуйидаги тўрт нафар раҳбар сектор раҳбари сифатида фаолият юритган:
- туман ёки шаҳар ҳокими — биринчи сектор раҳбари сифатида.
- прокурор — иккинчи сектор раҳбари.
- ички ишлар бўлими бошлиғи — учинчи сектор раҳбари.
- давлат солиқ инспекцияси бошлиғи — тўртинчи сектор раҳбари.
Ушбу раҳбарлар маҳаллий даражада ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш, аҳоли билан ишлаш, жиноятчиликни камайтириш, бандликни таъминлаш, солиқ тушумларини ошириш каби масалаларда биргаликда ҳаракат қилган.
Изоҳ (0)