Ҳукумат қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг вазифалари белгиланди.

Ҳужжат билан Агросаноатни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- интенсив (маҳсулдор) мевачилик, узумчилик, иссиқхона хўжаликларининг барқарор ривожланишини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган мақсадли комплекс дастурларни амалга ошириш;
- замонавий ресурс тежовчи технологияларни, шу жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қўллаган ҳолда интенсив (маҳсулдор) боғлар ва иссиқхона хўжаликлари майдонларини кенгайтириш чораларини кўриш;
- соҳада илм-фан ютуқлари, илғор илмий ишланмалардан фойдаланиш;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни саноатлаштириш чораларини кўриш;
- боғ қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
- соҳада “даладан дастурхонгача” тамойили асосида қўшилган қиймат занжирини жорий этиш;
- мева, узум ва бошқа навларнинг миллий брендларини яратиш чораларини кўриш.
Қарор билан Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан республикадаги янги боғларни тижорат банклари орқали молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Низомда янги боғ ва токзорлар барпо этиш, мева ва узум маҳсулотларини замонавий усулда саралаш, қадоқлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳалари учун кредитлар ажратиш назарда тутилган.
Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳақида
Агентлик президентнинг 2024 йил 30 сентябрдаги қарори билан ташкил этилганди. Агентлик ўзига ижара ҳуқуқи билан ажратилган ер участлакаларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида тадбиркорлик субъектларига қайта ижарага бериш ҳуқуқига эга. Захирадаги ер участкалари янги боғларни барпо этиш учун агентликка ёки у танланган тадбиркорлик субъектига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри ижара ҳуқуқи билан ажратилиши, бунда инвестиция лойиҳасининг қиймати 10 миллион доллардан кам бўлишига, энг яхши таклифни танлаш бўйича танлов ўтказилмаслигига, олдиндан махсус ҳисобвараққа пул жойлаштирмасдан ҳамда ер участкаларининг аниқ рўйхатини ер ижараси шартномаларида белгилаш шарти билан ер участкаларини реализация қилишга, истисно тариқасида рухсат берилган.
Изоҳ (0)