Ижтимоий тармоқларда Суриянинг собиқ президенти Ҳофиз Асаднинг жасади эксгумация қилинганини акс эттирган видео тарқалди. Бу ҳақда Syria TV телеканали хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, номаълум шахслар қабрни қазиётганини кўрсатувчи видео 17 апрелда тармоқда пайдо бўлган. Уларнинг Латакия вилоятидаги қуролли гуруҳлар билан алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
“Собиқ президент Ҳофиз Асаднинг қабри очилди. Қора чуқурга айланган қабр бўш эканлиги аниқланди. Номаълум шахслар жасад қолдиқларини қабрдан номаълум йўналишга олиб кетишди”, дейилади канал сайтидаги хабарда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Асадлар оиласи мақбараси ичида ҳарбий кийимдаги бир неча эркак турганини кўриш мумкин. Бир нечта қабр тошлари йўқ. Қабрнинг ўзи қазиб ташланган.
Ynet нашрининг ёзишича, Ҳофиз Асаднинг ўғли — собиқ президент Башар Асад тарафдорлари жасадни ҳақоратланишдан сақлаш мақсадида қазиб олган бўлиши мумкин.
Асадлар оиласининг мақбараси Суриянинг Латакия шаҳрида жойлашган. У ерга Ҳафиз Асаднинг катта ўғли ва Башар Асаднинг акаси Басил ҳам дафн этилган.

2024 йилнинг 8 декабрга ўтар кечаси мухолифатчи гуруҳлар Дамашқни эгаллади. Сурия армияси қўмондонлиги Башар Асад ҳукмронлиги тугаганини эълон қилди. Собиқ президентнинг ўзи мамлакатни тарк этиб, Россияга йўл олди ва у ерда бошпана олди.
Шундан сўнг Башар Асад оиласининг оилавий мақбараси 2024 йил декабрь ойида таҳқирланди. Ўшанда тармоқларда Ҳофиз Асаднинг тобути ёнаётганини кўрсатувчи видеолар пайдо бўлганди.
Сурия расмий ҳукумати ҳозирча содир бўлган воқеага ҳеч қандай изоҳ бермади.
Ҳофиз ал-Асад Сурияни 1971 йилдан 2000 йилда вафот этгунга қадар бошқарган, сўнг ҳокимият ўғлига ўтган.
У Суриядаги диний озчиликни ташкил этувчи алавийлар оиласида туғилиб ўсган. Алавийларнинг асосий аҳоли маркази Туркия чегараси яқинидаги Ўрта ер денгизи соҳилидаги Латакия вилоятида жойлашган.
Мамлакат аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этувчи кўплаб алавийлар Асадлар узоқ вақт ҳокимиятда бўлганида уларнинг қатъий тарафдорлари бўлган. Эндиликда уларнинг аксарияти ғолиб исёнчилар томонидан нишонга олинишидан хавотирда.
Изоҳ (0)