Жиззах вилоятининг Бахмал туманида 40 сотих ерни 205 млн сўмга сотмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро “М.С.Б.” ҳокимлик тасарруфида бўлган “Мўғол” ҚФЙ ҳудудидаги ер майдонини ноқонуний ўзлаштириб, сотаётган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат бўйича терговга қадар текширув тадбирлари олиб борилмоқда.
Сўнгги ойларда ерни ноқонуний сотишга уриниш ҳолатлари
2025 йил апрелида Кадастр агентлиги Андижон тумани бўлими собиқ бошлиғи қўлга олинганди. У боғдорчилик учун ажратилган 1 гектар ер майдонини Кадастрлар палатасида ишловчи танишлари орқали турар жой сифатида тоифасини ўзгартириб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 10 000 доллар олган.
Март ойида Андижонда адвокат стажёри ва шериги 34 минг долларни ноқонуний олаётганида ушланганди. Улар пулни 34 сотих нотурар ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига турар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига олган.
Февралда Фарғонада фуқаро 2,5 гектар ерни 650 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 100 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни 2,4 млн долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.
Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 45 сотих ерни 60 минг долларга сотишга келишиб, 56,7 минг доллар ва 43 миллион сўм олган вақтида қўлга тушганди. Хоразм вилоятининг Урганч туманида фуқаро давлат захирасида бўлган 24 сотих ер майдонини кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 45 минг доллар ва 13 миллион сўм олган вақтида ушланганди.
Изоҳ (0)