Покистонлик астронавт Хитойнинг “Тянгун” космик станциясидаги биринчи чет элликка айланади. Ҳозирда Пекин орбитада устунлик учун Қўшма Штатлар билан қизғин кураш фонида космик дипломатияни кучайтирмоқда.

Покистонлик фазогирнинг миссияси ҳақида аниқ тўхтамга келинмаган бўлса-да, бу Пекин ва Исломобод ўртасидаги яқин космик алоқаларни мустаҳкамлаши аниқ.
Ўтган йили Покистон Европа космик агентлиги, Франция ва Италия юклари билан бирга Хитой кемасида Ойга сунъий йўлдош юборди, деб хабар бермоқда Хитой давлат матбуоти.
"Тянгун" 1998 йилда ишга туширилган Халқаро космик станция билан бир қаторда ҳозирда фаолият юритаётган иккита космик станциядан биридир. У 2021 йилда иш бошлаганидан бери фақат хитойлик астронавтларга ўз бағрини очган.
Миссия “Хитой космик станциясининг байналмилаллашувидаги муҳим қадамдир,” деди астрофизик ва Гонконг университети профессори Квентин Паркер.
Чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитой космик агентлиги покистонлик астронавт фойдали юклар бўйича мутахассис бўлишини, миссия давомида кундалик вазифаларни, шунингдек, Покистон учун илмий тажрибаларни бажаришини маълум қилди.
Икки давлатнинг космик алоқалари ўсиб бораётган бир пайтда уларнинг Ер шаридаги иқтисодий ҳамкорлиги ва савдоси ҳам бирваракайига кучайиб бормоқда.
Пекиннинг “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасидаги йирик лойиҳаси бўлган Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги доирасида Хитой Покистон шимоли ва жанубидаги инфратузилмага, жумладан, жануби-ғарбий Гвадар шаҳридаги чуқур сув порти, шунингдек, икки давлат ўртасидаги кўплаб технологик лойиҳаларга катта сармоя киритди.
Миссия чоршанба куни эълон қилинди. Икки давлат ўртасида космик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома эса февраль ойида имзоланган эди.
Миссиянинг асосий мақсади 29 апрель куни Ерга қайтиши режалаштирилган Шенчжоу-19 экипажи билан орбитада айланишни якунлашдир, деди Хитой бошқарилувчи коинот агентлиги расмийлари матбуот анжуманида.
Космосда астронавтлар илмий ва амалий тажрибалар ўтказишади. Бунда космик чиқиндилардан ҳимоя қилувчи қурилма, транспорт воситасидан ташқари юк ва ускуналар ўрнатилиши кутилмоқда.
Миссия, шунингдек, космик станцияда кичик ҳайвонлар ва организмлар устида тажрибалар ўтказилишини ҳам назарда тутади. Хусусан, бу ҳайвонлар қаторига зебра балиқлари, планария деб номланувчи ясси чувалчанглар ва стрептомицес бактериялари киради.
Изоҳ (0)