Олимлар Ердан 124 ёруғлик йили узоқликда жойлашган океан билан қопланган K2-18b экзосайёрасида ҳаёт изларини аниқлади. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Кембриж университети астрономлари сайёра атмосферасида диметилсулфид (DMS) ва диметилдисулфид (DMDS) молекулаларини аниқлаган. Бу бирикмалар Ерда фақат денгиз фитопланктонлари каби тирик организмлар томонидан ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, экзосайёрада уларнинг концентрацияси Ердагидан анча юқори.
K2-18b сайёраси Ерга нисбатан 2,6 баравар катта ва 8,6 баравар массивроқ. Бу сайёрадаги бир йил атиги 33 кун давом этади, унинг ҳарорати эса Ер ҳароратига яқин. Мутахассислар у океан билан қопланган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Илгари унинг атмосферасида метан ва карбонат ангидрид аллақачон топилган, аммо янги маълумотлар ҳаёт мавжуд бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Олимлар қўшимча кузатувлар зарурлигини таъкидламоқда.
Кашфиётни тасдиқлаш учун телескопдан янги маълумотлар керак бўлади. Агар натижалар тасдиқланса, бу Қуёш тизимидан ташқаридаги ҳаётни излашда бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
Ҳозир биз бегона (яъни Ерга ўхшамаган) бир сайёрада ҳаёт мавжудлигидан дарак берувчи дастлабки ишораларни кўряпмиз. Бу эса инқилобий лаҳза бўлиши мумкин, дейди Кембриж университетининг Астрономия институти профессори Никку Мадҳусудхан.
Изоҳ (0)