Табиат инсон тасаввуридан ҳам ўта оладиган ғаройиб манзараларни яратишга қодир. Дунё бўйлаб шундай ҳудудлар борки, уларнинг айримлари эртакни эслатади. CNN энг ноодатий 24 та табиий ландшафтни жамлади.

Махлуқларга ўхшаб кетадиган дарахтлардан тортиб, ранг-баранг чуқурликлар, осмонўпар қоятошлар ва қайнаб турган лавадан ҳосил бўлган шаршараларгача — булар дунёдаги энг ноодатий ва мафтункор манзаралардан саналади.
Кингли Вейл, Буюк Британия

Асрлар давомида ўралиб, эгри-бугри ҳолга келган Кингли Вейлъдаги тисса дарахтлари гўё эртакдан чиққандек таассурот қолдиради. Айрим дарахтлар 2 000 йилга бориб тақаладиган тарихга эга бўлиб, Британиядаги энг қадимий тирик мавжудотлар ҳисобланади.
15-асрда тисса дарахтларининг аксарияти узун камонлар ясаш учун кесиб ташланган. Шу сабабли, Кингли Вейлъдаги қолган дарахтзорлар янада ноёб манзарага эга бўлган.
Пери миноралари, Туркия

Марказий Туркиядаги Кападокиянинг Пери миноралари геологик мўжизадир. Йиллар давомида юмшоқ тошларнинг эрозияга учраши натижасида ҳосил бўлган базалт устунлари қиёматга ўхшаш кўринишларга эга.
Бундан ташқари, бу ерда қадимги христианлар томонидан қазилган ғорлар ва шаҳарлари мавжуд бўлиб, улар босқинчилардан ҳимоя сифатида ишлатилган.
Гигант йўли, Шимолий Ирландия

Шимолий Ирландиянинг ёввойи Атлантика қирғоғида жойлашган гигант йўли ҳақиқий афсонага асосланган. Афсонага кўра, жангчи Финн Маккол бу жойни рақиби Бенандоннер билан жанг қилиш учун яратган.
Геологик нуқтаи назардан, бу устунлар лаванинг миллионлаб йиллар давомида совиши натижасида пайдо бўлган.
Мораки тошлари, Янги Зеландия

Катта, думалоқ шаклдаги Мораки тошлари Янги Зеландия шимолий Отаго қирғоғидаги пляжда ювилиб келган сунъий яратилмалар деб хато тушунилиши мумкин.
Бу икки метрли тошлар беш миллион йил давомида лой тошларнинг қаттиқлашиши натижасида пайдо бўлган ва уларни ўраб турган тошлар эрозияга учраган.
Катта кўк тешик, Белиз

300 метр кенгликда (984 фут) ва 125 метр чуқурликда (410 фут) жойлашган катта кўк тешик (Great Blue Hole) дунёдаги энг катта чуқурликдир.
Бу чуқурлик минг йиллар олдин денгиз сатҳининг кўтарилиши натижасида ҳосил бўлган ва унинг чуқур ғорлари сув билан тўлган.
Машҳур денгиз тадқиқотчиси Жак Кусто ушбу чуқурликни дунёга танитган. У сўнгги замонавий сувости кемалари 3D сонар хариталарини яратди ва бу ернинг тубидаги янги, илгари ҳеч қачон кўрилмаган минерал шаклларини кўрсатди.
Беш рангли дарё, Колумбия

Колумбияда ёмғирли ва қуруқ мавсумлар оралиғидаги қисқа давр мобайнида беш рангли дарё сувларида қизил, сариқ ва яшил ранглар уйғунлиги юзага келади.
Бу ранг-баранг манзара дарё тубида ўсадиган Маcарениа cлавигера ўсимлиги билан боғлиқ. У фақат сентябрь ойидан ноябргача қизил рангга киради. Бу ёмғирли мавсумдаги кучли оқим пасайган ва ҳали қуруқ мавсум сувни бутунлай буғлатиб юбормаган даврга тўғри келади.
Дарёнинг баъзи қисмларида сузишга рухсат берилган, бироқ экологик мувозанатни сақлаш учун қуёш креми ишлатиш таъқиқланган.
Ўлик ботқоқ, Намибия

Дунёнинг энг баланд қум тепалари орасида жойлашган ўлик ботқоқ — 400 метргача баландликдаги тепаликлар билан ўралган.
Аввал бу ерда ҳаёт мўл-кўл бўлган, аммо тахминан 900 йил аввалги иқлим ўзгариши сабабли бу ҳудуд деярли буткул қуриб қолган. Ҳозирда у ерда қуриб қолган акация дарахтлари сақланиб қолган. Қуруқ иқлим уларнинг чириб кетишига йўл қўймаган ва бу ерда жуда сирли манзара юзага келган.
Шоколад тепаликлари, Филиппин

Филиппиннинг Боҳол оролида жойлашган Шоколад тепаликлари гўё бола чизган эртак ландшафтига ўхшайди.
Лекин бу 1 268 та тепалик мутлақо табиий ҳодисадир. Улар минг йиллар давомида сув ва эрозия таъсирида шаклланган оҳактошли конус тепаликлардир.
Уларнинг “шоколад” номи қуруқ мавсумда, айниқса декабрдан мартгача, устини қоплаган ўтлар қизғиш-жигарранг тусга кириши билан боғлиқ. Маҳаллий афсоналарга кўра, бу тепаликлар юраги эзилган гигантнинг қуриб қолган кўз ёшлари эмиш.
Килауэа вулқони, Гавайи

Гавайи оролидаги энг фаол вулқонлардан бири бўлган Килауэа деярли доимий равишда отилиб туради. Лавалар йўллар бўйлаб оқиб, уйлар ва дам олиш масканларини вайрон қилмоқда.
Уч ойлик сокинликдан сўнг, 2024 йил охирида вулқон яна ўз фаоллигини бошлади ва 90 метрдан баланд ёрқин лава фавворалари кўплаб сайёҳларни жалб этди.
Тахминан 210 000–280 000 йил олдин пайдо бўлган Килауэа вулқони тахминан 100 000 йил аввал сув сатҳидан кўтарилиб, ҳозирги қирғоқ ҳудудида юзага келган.
Пушти кўл, Австралия

Австралиянинг ўрта оролида жойлашган Пушти кўл ўзининг ёрқин рангли суви билан яқин атрофдаги мовий океан фонида кескин ажралиб туради.
Кўлнинг бу ғайриоддий рангги сув ўсимлиги туфайли юзага келади. У шўр сувда яшаб, пигмент ишлаб чиқаради ва сувни пушти тусга бўяйди.
Кўл атрофидаги тузли қобиқда яшовчи ҳалофил бактериялар ҳам бу ҳодисада муҳим рол ўйнайди.
Шайтон минораси, Ваёминг, АҚШ

АҚШнинг Ваёминг штатидаги Шайтон минораси дашт устидан осмонга бўй чўзган ҳолатда қад ростлаган. У бир нечта маҳаллий америкалик қабилалар учун муқаддас маскан ҳисобланади.
Минора 385 метр баландликда бўлиб, Белле Фоурче дарёси яқинида жойлашган. Атрофдаги чўкинди жинсларнинг эрозияга учраши натижасида марказда қаттиқ магматик жинс қолган.
Лакота қабиласининг афсонасига кўра, бу тош икки қизни қуваётган айиқдан ҳимоя қилиш учун ер юзасига кўтарилган. Минорани ўраб турган тирналган излар эса айиқ чангалларининг изи, дейишади.
Даллол, Эфиопия

Ҳарорат ўртача 34.44°C даража бўлган Даллол сайёрадаги энг яшашга ноқулай ҳудудлардан бири ҳисобланади. Эритрея билан чегарага яқин жойлашган бу ҳудуд Марсга ўхшаш манзараси билан машҳур бўлиб, Данакил пасттекислигида жойлашган.
Ғайриинсоний даражадаги иссиқликдан ташқари, Даллол ранг-баранг майдонлари билан танилган — аквамарин рангидаги ҳовузлар, сариқ тошлар ва гуллаб-яшнаган қизил тоғ жинслари фонида сирли рассом асарига ўхшайди.
Бу ёрқин ранглар темирнинг ноорганик оксидланиши туфайли пайдо бўлади.
Саҳрои кабир кўзи, Мавритания

Ричат тузилмаси номи билан ҳам танилган Саҳрои кабир кўзи ер юзасидан оддий саҳро қисми каби кўринади. Бироқ космосдан қаралганда, бу 40 километр (24 миля) кенгликдаги геологик мўжиза бутунлай бошқача кўринади.
Бу тузилма зарба натижасида ҳосил бўлган кратер эмас, балки эрозияга учраган гумбаз деб ҳисобланади. У ер орбитасидан қаралганда қадимий денгиз жонзоти — аммонитнинг тошқотган шаклига ўхшайди.
Қор махлуқлари, Зао тоғи, Япония

Япониянинг шимолий Toxoку минтақасидаги Зао тоғи қишда “қор монстерлари” деб аталувчи музлатилган ҳайкаллар билан тўлиб кетади. Сибир шамоллари бу тоғ тизмаси бўйлаб эсиб, қор ёғади ва дарахтлар устига муз қопқоғи ҳосил қилади.
Шу тарзда музлаб қолган дарахтлар ғайриоддий жонзотларга ўхшайди. Тунги ёруғлик бу манзарага янада жозиба қўшади.
Ой водийси, Аргентина

Аргентина шимолидаги бу кенглик номидан ҳам маълум. Шамол уриб текисланган, ой юзасини эслатадиган сиртли тоғ жинслари билан қопланган манзара. Кечаси осмон миллиардлаб юлдузлар билан ёритилади, ой эса ёрқин порлайди.
Вермилион қоятошлари, Аризона, АҚШ

Ютаҳ штатининг жанубий чегарасига яқин жойлашган Вермилион қоятошлари АҚШдаги энг ҳайратланарли манзаралардан бири ҳисобланади. Бу ҳудуддаги айланма шаклдаги қумтош канёнлари ва аркалари саргузашт изловчилар учун жуда жозибали.
48 километрга чўзилган улкан қоялар, 600-900 метр баландликдаги тик деворлар Аризона штатининг 89А автомобиль йўлидан бутун гўзаллиги билан кўринади.
Haукадалур геотермал майдони, Исландия

Исландиянинг геотермал мўжизалари айниқса 2024 йил охиридаги фаол ўзгаришлардан сўнг, ғайриоддий ва гўзал манзараларни изловчилар учун жаннатга айланди.
Рейкжавик шаҳридан 60 километр шарқда жойлашган бу майдон Гейсир ва Строккур каби машҳур иссиқ булоқлари билан танилган. Ушбу ҳудудни ўрганиш учун вақт ажратишга арзийди, чунки яқин атрофда қулай лагер жойлари ҳам мавжуд.
Бу ҳудуддаги геотермал фаоллик илк бор 1294 йилда ер силкинишидан сўнг қайд этилган.
Троллкирка ғорлари, Норвегия

Норвегиянинг Троллкирка ғорлари одатий ибодат масканлари эмас. Булар мармар ва оҳактошдан иборат ажойиб табиий шаклланишлардан иборат.
Бу ернинг энг диққатга сазовор жойи — 70 метрли асосий ғор бўлиб, унда шаршара мавжуд. Кичикроқ ғорларда эса кристалдек тиниқ сувларга эга ҳовузлар бор, оқ тош фонида сувлар янада ёрқин кўринади.
Брайс канёни, Юта (АҚШ)

Брайс канёнинг “ҳоодоо” деб аталувчи ғайриоддий устунлари туфайли канён қизил, оқ ва сариқ рангларда кўринади. Бу ранглар мовий осмонга қарши ажойиб манзара ҳосил қилади.
Бу устунлар — пастки қисми юмшоқ, юқори қисми эса қаттиқ тошлардан иборат. Улар минг йиллар давомида шамол ва ёмғирлар таъсирида шаклланган. Канён улкан табиий амфитеатрлар ичида жойлашган бўлиб, айниқса қуёш ботишида жуда чиройли кўринади.
Ўлик денгиз, Исроил/Иордания

Ер юзидаги энг паст нуқта ҳисобланган Ўлик денгиз, оддий денгиз сувидан тўққиз баравар шўр.
Денгиз тубидаги туз қатламлари сузувчиларнинг чўкмаслигини таъминлайди, сувнинг тикловчи хусусиятлари эса асрлар давомида сайёҳларни жалб қилиб келган.
Доғли кўл, Канада

Британия Колумбиясининг юрагида жойлашган доғли кўл (Spotted Lake) қишда оддий сув ҳавзасига ўхшайди. Аммо ҳарорат кўтарилиб, сув буғлана бошлагач, у буткул ўзгаради.
Кўлда катта кўк, сариқ ва яшил доғлар пайдо бўлади. Булар магний сулфат, натрий сулфат ва кальцийнинг тўпланиши натижасидир.
Туб аҳоли бу доғларнинг ҳар бири турли даволовчи хусусиятларга эга деб ҳисоблаган. 2001 йилдан бери улар бу ҳудудга эгалик қилиб келади.
Қон шаршараси, Антарктида

Антарктидадаги Тейлор музлигидан оқиб тушадиган қон шаршараси ўзининг қўрқинчли қизил ранги билан машҳур. 2017 йилда олимлар бу ранг алгалардан эмас, балки темирга бой шўр сувнинг оксидланишидан келиб чиққанини аниқлашди. Бу сув ер юзасига етиб келиши учун 1,5 миллион йил керак бўлган.
У кислород билан алоқа қилганда темир оксидланади ва сув қизил рангга киради. Музлик остида жойлашган шўр кўл ва у ерда темирга бой тошлар бу сувнинг манбаи ҳисобланади.
Зҳанге Данхиа геологик боғи, Хитой

Хитойнинг Зҳанге Данхиа геологик паркидаги рангли тоғлар дунёнинг геологик мўжизаларидан биридир. Ушбу машҳур хитой тоғлари ғаройиб ранглари билан танилган. Бу ранглар тоғларнинг устида чизилган камалак каби кўринади. Боғ 200 квадрат миля майдонни эгаллайди. Ушбу ҳудуд 2009 йилда UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Тош, лой ва кўп рангли чўкинди тошлардан ташкил топган бу тоғлар миллионлаб йиллар давомида қатламлашган.
Дарё эрозияси чуқур даралар ва баланд чўққиларни ҳосил қилишга ёрдам берди, бу жараёнда бинафша, яшил, сариқ ва қизил қатламлар ёрқин ва жозибали манзара яратади.
Жаҳаннам дарвозаси, Туркманистон

Маҳаллий аҳоли томонидан Жаҳаннам дарвозаси деб аталадиган “Дарваза газ кратери” табиий ҳодиса бўлиб, ярим аср олдин юзага келган.
Бугунги кунда жаҳаннам дарвозаси ҳали ҳам ялтираб ёнмоқда, 30 метр чуқурликка эга бўлса-да, баъзи кузатувчилар унинг оловининг камайиб бораётганини айтмоқда. Бу мамлакатга саёҳат қилаётган сайёҳлар диққатини жалб қилади.
Изоҳ (0)