Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиси тан жароҳати олгани акс этган фотолар тарқалди. Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган мактабларнинг бирида 21 апрель куни 2007 йилда туғилган Р.С. ва шу мактаб ўқувчиси 2007 йилда туғилган А.И. тортишиб қолган ҳамда жанжаллашиб кетган.
Жанжал вақтида А.И.. Р.С.га тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи шифохонага ётқизилган.
Тан жароҳати оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Мактабдаги жанжаллар
Сирдарёда ўқитувчи 1-синф ўқувчисини қўлига игна санчиш билан жазолагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Суриштирув давомида юқоридаги ҳолат тасдиғини топмаган.
Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидаги мактабда ўқитувчи 5-синф ўқувчисини уриб жароҳатлади. Қарши шаҳридаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ёқалашгани тасвирлари тарқалди. Алгебра фани ўқитувчиси ва 10-синф ўқувчиси бўлган икки қиз ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиқиб, оғзаки тортишиб қолган. Уларнинг хатти-ҳаракатларига чора кўриш учун судга берилган.
Тошкентдаги мактабда аёл дастлабки иш кунида ўқувчини калтаклагани ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Аёл жазоланиб, мактаб директори ишдан олинганди.
Изоҳ (0)