Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Қарши туманидаги мактабда тенгқурлари томонидан калтакланган ўқувчи юзасидан маълумот берди.
Ижтимоий тармоқларда мактабда бир ўқувчи 2009 йилда туғилган йигитни калтаклагани акс этган видео тарқалди. Жабрланувчининг онасига кўра, ўртоқлари томонидан калтакланган боланинг тўрт умуртқаси синган. Таъкидланишича, мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда ёритилишдан аввал ҳам Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрнатилган тартиб асосида Қарши туманидаги 55-мактаб фаолияти ўрганилган.
Шунингдек, ўқувчилар ўртасида юзага келган ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўрганилиб, қонуний тўхтамга келинган.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқарма бошлиғининг 2024 йил 19 мартдаги тегишли буйруғи билан Қарши туманидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори М.П. билан Меҳнат кодексининг 157-моддаси (меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш) 2-қисмига асосан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ҳозирда ваколатли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда, — дейилади хабарда.
Бундан олдин Тошкентдаги мактабда дарс пайти ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал юз бергани, Қашқадарёда мактаб директори ва ўқитувчи ўртасида жанжал содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)