Наманган вилоятида икки синфдош ижарага олинган машинада ЙТҲга учради. Бу ҳақда ЙҲХХ хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 апрель куни Янги Наманган туманидаги 70-мактабининг икки нафар 8-синф ўқувчилари автомашинани ижарага бериш билан шуғулланадиган гуруҳдан 1 млн сўм эвазига Sparkъни 8 соатга ижарага олган.
Болалар машинани бошқариб кетаётган вақтида тезликни меъёрдан ошириши оқибатида йўл четидаги бетон тўсиққа урилган. Ҳодисада болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Қайд этилишича, мазкур мактабда ЙҲХБ томонидан муҳокама йиғилиши аввал ўтказилган бўлиб, айнан шу болаларнинг машина бошқаргани учун ота-оналари, устозлари, масъуллар огоҳлантирилган.
“120 тезликда тормозим ишламай қолди. Пулни дадамнинг ишхонасидан олган эдим. Воқеадан унинг хабари йўқ”, дейди болалардан бири.
Йўлларда болалар ўлими
2024 йил ноябрь ойида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида Cobalt катта тезликда вояга етмаган икки қизни уриб юборди. Шунингдек, Самарқандда автобус мактаб яқинида йўлни кесиб ўтаётган болани уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлганди. Сурхондарёда 1-синф ўқувчиси Nexia уриб юборишидан вафот этганди.
Сенат берган маълумотга кўра, 2024 йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган. 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та ЙТҲ юз бериб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган, 263 нафари вафот этган.
Сентябрда Тошкентда BYD 9 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлганди. Худди шу каби ҳолат июль ойида Навоий вилояти Хатирчи туманида содир бўлган. Катта тезликда ҳаракатланаётган BYD пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 9 ёшли қизалоқни босиб кетган. Ўша ойда Самарқандда 7 яшар бола автомобиль уриб кетиши оқибатида вафот этди. Апрелда Жиззахда содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди.
Болалар иштирокида аянчли ЙТҲлар кўпайгач, жамоат фаоллари йўлларда болалар ўлими учун сиёсий жавобгарлик бўлиши кераклигини айтди.
Изоҳ (0)