Президент Шавкат Мирзиёев IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари иштирокчиларни Хивада ўтказилаётган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиши билан чин қалбдан муборакбод этган.
Ҳурматли фестивал қатнашчилари, муҳтарам меҳмонлар!
Аввало, сиз, азизларни очиқ осмон остидаги бетакрор музей шаҳар — қадимий Хивада ўтказилаётган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиши билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугунги санъат байрамида иштирок этаётган нуфузли халқаро ташкилотлар ва қардош мамлакатлар вакилларига, дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатидан келган халқ ижодиёти намояндалари, атоқли маданият ва санъат арбобларига самимий ташаккурим, юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Саховатли Ўзбекистон заминига, кўҳна Хоразм диёрига хуш келибсиз!
Қадрли дўстлар!
Халқаро нуфузи тобора ортиб бораётган мазкур анжуман бу йил кўҳна Шарқ гавҳари — бетакрор Хоразм диёрида ўтказилаётгани унга алоҳида руҳ ва мазмун бағишламоқда. Бу ўлканинг достончилик мактаби ғоят қадимий ва бой тарихга эга бўлиб, “Лазги” каби дунёга машҳур мумтоз куй-қўшиқлари, гўзал рақслари айнан ана шу азим дарёдан озиқланиб келмоқда, десак, тўғри бўлади.
Бу қутлуғ заминдан етишиб чиққан Ўзбекистон халқ бахшилари “Бола бахши” – Қурбонназар Абдуллаев, “Қаландар бахши” — Рўзимбой Норматов, Абдулла Қурбонназаров, Етмишбой Абдуллаев каби ёрқин овоз ва истеъдод соҳиблари томонидан юксак пардаларда куйланган “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Гўрўғли”, “Авазхон”, “Алпомиш” ва “Хирмондали” каби халқ достонлари миллий маданиятимизнинг ўлмас дурдоналари сифатида маънавиятимиз хазинасидан мустаҳкам жой эгаллаганини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз ва бахшичилик санъатининг бугунги давомчиларига ижодий ютуқ ва равнақ тилаймиз.
Ҳурматли фестивал иштирокчилари!
Фестивал кунларида сизлар санъатни чин дилдан севадиган меҳмондўст, бағрикенг халқимиз билан самимий мулоқотлар ўтказиб, юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва безавол қадриятлари, табаррук масканлари, Янги Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт ютуқлари, жумладан, бахшичилик санъатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ёрқин таассуротларга эга бўласиз, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, танлов иштирокчилари ҳамда фестивал доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференция ишига муваффақият тилайман.
Энг эзгу ва халқчил ҳис-туйғуларни тараннум этишда сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ва илҳом доимо ёр бўлсин!
Изоҳ (0)