ЎзЖОКУ ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа Қирғизистонда “Россотрудничество” ташкилоти ходимасининг ҳибсга олиниши ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқанддаги сўзлари юзасидан муносабат билдирди.

Қирғизистон шу ҳафта ўз фуқароларидан бир нечтасини, жумладан, “Россотрудничество” ташкилоти ходимасини ҳам Россия томонида Украинага қарши уруш ҳаракатларида иштирок этиш учун одам ёллашда гумон қилиб ҳибсга олди. Бу жиддий воқеа бўлиб, албатта, Қирғизистоннинг суверенитети ва миллий хавфсизлигига дахлдор масала ҳисобланади.
Аслида, Бишкекнинг бундай қарори мустақил давлатнинг табиий ва қонуний реакцияси сифатида қабул қилиниши керак эди. Аммо бу вазиятда Москва томонидан билдирилган жавоб янада ҳайратга солади: “Россотрудничество” раҳбари Евгений Примаков шундай ёзади: “Бу — провокация. Наталияни озод қиламиз. Биз ўзимизникиларни ташлаб қўймаймиз. Хулосалар чиқарилди. Улар сезиларли ва ёқимсиз бўлади”.
У буни қандай амалга оширмоқчи? Вертолётда тергов ҳибсхонаси устида пайдо бўлиб, уни олиб кетмоқчимикан? Ваҳоланки, гап Россия фуқароси эмас, балки мустақил Қирғизистон фуқароси ҳақида кетмоқда. Унга дўстона давлат ҳақида бундай таҳқирли ва менсимасона сўзлар айтиш ҳуқуқини ким берди?, деб ёзади ЎзЖОКУ ректори.
Шерзодхон Қудратхўжа баъзи Россия давлат Думаси депутатлари ҳам ўзини тута олмай, ҳақоратли баёнотлар билан чиқаётганини эслаб ўтди. У Михаил Матвеев Қирғизистонни “кичик ва ҳаволанган ташкилот” деб атагани ҳамда Россия банкларидан пул ўтказмаларини тўхтатиш билан таҳдид қилганини эслаб ўтди.
Маълум бўлдики, буюк давлатнинг “кичик ва ҳаволанган ташкилот”ни “жазолаш” учун миллионлаб усуллари бор экан.
Қисқаси, бундай баёнотлар нафақат ҳурматсизлик, балки, афсуски, Марказий Осиё давлатларига нисбатан ортиқча менсимаслик кайфиятининг очиқ ифодасига айланмоқда.
Бундай муносабатни биз яқинда Самарқандда ҳам кузатдик: Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистон заминида бўлиб туриб, Марказий Осиё давлатларининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик ҳаракатларини очиқ танқид қилди. Бу эса давлатларнинг мустақил ташқи сиёсат олиб бориш ҳуқуқига бевосита аралашишдан бошқа нарса эмас.
Қирғизистонда ёлловчиларнинг қўлга олиниш мавзусига қайтиб, бир машҳур сиёсатчининг ақлли сўзларини эслаш лозим: “Котлет алоҳида, пашшалар алоҳида”. Масала Қирғизистон фуқаролари ва унинг ички хавфсизлиги ҳақида кетмоқда. Тергов ҳали давом этмоқда ва Россия томонидан бўлаётган шошма-шошарик ва қаттиқ реакция айбловларнинг асосли эканлиги бўйича шубҳалар уйғотмоқда. Агар “ҳамма нарса тоза” бўлганида, Москва нима учун бундай “изтироб”га тушмоқа?, деб ёзади Қудратхўжа.
Профессор “биз туркий халқлар вакиллари, қирғиз халқи ва унинг ўз суверенитетини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қатъий қўллаб-қувватлашимиз керак”лигини таъкидлади.
Шу сабабли биз ўз давлатларимизда “Россотрудничество” ташкилоти фаолиятини жиддий қайта кўриб чиқишимиз лозим. Чунки бу ташкилот маданий ҳамкорлик эмас, балки бузғунчилик фаолияти олиб бораётгани эҳтимоли ортиб бормоқда. Озарбайжоннинг тажрибаси кўрсатиб турибдики, унинг фаолиятини тўхтатиш — миллий манфаатлар ва хавфсизликни ҳимоя қилиш учун тўғри ва асосли чора ҳисобланади.
П.С. Савияси паст айрим чет эллик сиёсатчилар учун маълумот: Марказий Осиё — бировнинг “юмшоқ қорни” эмас, балки эркин, суверен ва тенг ҳуқуқли давлатлар минтақасидир.
Қирғиз халқи эса туркий дунёдаги энг қадимий ва шарафли халқлардан бири бўлиб, уларнинг машҳур “Манас” эпоси минг йиллик тарихга эга. Дўстимиз Қирғизистон — мағрур жигитлари, учқур тулпорлари, бақувват курашчилари ва жасур ботирлари билан машҳур бўлган гўзал юртдир, деб ёзган Шерзодхон Қудратхўжа.
Изоҳ (0)