Олмалиқда аёл ширинликларни рухсатсиз еган боласининг тана аъзоларига пахта тиқиб, ёққани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан суд иши якунланди.
Судда маълум бўлишича, аёл боласининг бармоқлари ораси, бурни, киндиги усти, оёқ панжаларини ёққан. Бола аёлнинг ягона фарзанди, турмуш ўртоғи билан ажрашган.
2024 йил 30 октябрь куни 8 ёшли ўғли Б.А. (2016 йилда туғилган) уйдаги ширинликларни рухсатсиз егани сабабли уни гўёки жазолаш мақсадида бармоқлари ораси ва бошқа тана аъзоларига пахта тиқиб, ёққани айтилган эди.
Натижада бола танасида 1- ва 2-даражадаги куйиш юзага келиб, енгил жароҳат олган.
Аёл дастлаб суддагилардан, сўнг фарзандидан кечирим сўради. Болакай эса йиғлаб юборган. Суд ҳукми билан аёл 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Сирдарёда ўқитувчи 1-синф ўқувчисини қўлига игна санчиш билан жазолагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Суриштирув давомида юқоридаги ҳолат тасдиғини топмаган. Сирдарёда икки ўқувчи қиз ўқитувчини ургани акс этган видео тарқалди. Ҳолат вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва соҳа масъуллари назоратига олинди.
Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидаги мактабда ўқитувчи 5-синф ўқувчисини уриб жароҳатлади. Қарши шаҳридаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ёқалашгани тасвирлари тарқалди. Алгебра фани ўқитувчиси ва 10-синф ўқувчиси бўлган икки қиз ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиқиб, оғзаки тортишиб қолган. Уларнинг хатти-ҳаракатларига чора кўриш учун судга берилган.
Тошкентдаги мактабда аёл дастлабки иш кунида ўқувчини калтаклагани ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Аёл жазоланиб, мактаб директори ишдан олинганди.
Изоҳ (0)