Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳаж ва умра сафарларига олиб бориш билан алдаб фуқароларнинг маблағларини ўзлаштирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Янги Наманган туманининг “Мингчинор” маҳалласида яшовчи шахс унга нисбатан фирибгарлик жинояти билан айб эълон қилиниб, гаров эҳтиёт чораси қўлланган бўлса-да, Чортоқ туманида яшовчи фуқародан ўзини ва оила аъзоларидан 5 кишини умра зиёратига юбориш учун жами 6,4 минг долларни талаб қилган.
У пулларни қўлга киритиб, шахсий манфаатлари учун сарфлаб юборган.
Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Фарғона вилоятида сайёҳлик фирмаси орқали 3 кишини 28 минг доллар эвазига ҳаж сафарига юборишни айтган шахс 15 минг долларни олаётганда ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 211-моддаларинг (пора бериш) тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида 1991 йилда туғилган шахс ариза муаллифидан онаси ва жиянини Қирғизистондаги танишлари ёрдамида, ушбу давлат орқали ҳаж зиёратига юбориш эвазига 20 минг доллар беришини талаб қилган. У шундан 10 минг долларни олаётганда ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қамоққа олинган.
Апрель ойининг ўрталарида Тошкентда тўрт кишини ҳажга жўнатиш учун 23,6 минг доллар олган шахс ушланганди. Шунингдек, пойтахтда ўтказилган тезкор тадбирда сохта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйилганди.
Ўзбекистонда 2025 йил 1 сентябргача “Ҳаж ва умра ягона портали” ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқилади. Бу орқали фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳаж ва умра зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсад қилинган.
Изоҳ (0)