Самарқанддаги 35-мактабда ўқитувчи дарсга кеч келган ўқувчига ташланиб, тазйиқ ўтказди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум қилинишича, мактабнинг 7-синф, кимё дарсида ўқитувчи Ш.М. 21 апрель куни дарсга кеч келган ва машғулотларни ўтишда халақит қилганлиги важи билан ўқувчи Ҳ.Д.га жаҳл билан ташланиб, (уни гўёки директор ҳузурига олиб бормоқчилигини айтиб) болага нисбатан тазйиқ ва зўрлик ҳаракатларини қилган.
23 апрель куни мактаб маъмурияти томонидан ўз касбий вазифасига зид бўлган номақбул ҳаракатлар содир этганлиги учун ўқитувчи М.Ш. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ҳолат юзасидан ҳозирда туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мактабдаги жанжаллар:
Сирдарёда ўқитувчи 1-синф ўқувчисини қўлига игна санчиш билан жазолагани ҳақида хабарлар тарқалганди. Суриштирув давомида юқоридаги ҳолат тасдиғини топмаган.
Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидаги мактабда ўқитувчи 5-синф ўқувчисини уриб жароҳатлади. Қарши шаҳридаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ёқалашгани тасвирлари тарқалди. Алгебра фани ўқитувчиси ва 10-синф ўқувчиси бўлган икки қиз ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиқиб, оғзаки тортишиб қолган. Уларнинг хатти-ҳаракатларига чора кўриш учун судга берилган.
Тошкентдаги мактабда аёл дастлабки иш кунида ўқувчини калтаклагани ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Аёл жазоланиб, мактаб директори ишдан олинганди.
Изоҳ (0)