Президент Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида таълим тизими ислоҳотлари устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Бу йилги давлат дастурида ҳам мактабларда шароитларни яхшилаш, ёш авлодни билимли этиб тарбиялаш бўйича кўплаб вазифалар қўйилган.
Бу, кўп жиҳатдан, ўқитувчиларнинг билим ва малакасига боғлиқ. Мамлакатда 15 та давлат ва 61 та нодавлат олийгоҳида педагогика йўналиши бор. Лекин улардаги илмий салоҳият атиги 40 фоиз атрофида.
Қабулларнинг катта қисмини ижтимоий йўналишлар ташкил этади. Аниқ ва табиий фанлар бўйича педагоглар тайёрлаш жуда кам. Талабаларнинг 40 фоизи сиртқи таълимда ўқияпти.
Шу боис Тошкент давлат педагогика университетини трансформация қилиб, Ўзбекистон миллий педагогика университетини ташкил этиш, келажак педагоглари лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Университет барча ҳудудлардаги педагогика институтлари учун таянч олийгоҳ бўлади.

“Янги Ўзбекистон” университетида 40 дан зиёд чет эллик ўқитувчилар ва 30 нафар ватандош зиёлилар фаолият юритмоқда. Талабалар ўзларининг турли йўналишлардаги лойиҳаларига жами 24,3 миллиард сўмлик грантлар жалб қилган. Бу салоҳиятдан фойдаланиб, университетда муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, тиббиёт каби замонавий соҳаларда мутахассислар тайёрлашни ривожлантириш, янги лабораториялар очиш режалари тақдимот қилинди.
Шунингдек, олийгоҳда илм-фан, таълим ва амалиёт интеграциясини таъминлаш мақсадида Германиянинг илғор тажрибасидан фойдаланган ҳолда замонавий университет клиникасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Таълим сифатини аниқлашда ҳам халқаро услублар жорий этилмоқда. Бу йил 233 та мактабдаги 9 минг нафар 15 ёшли ўқувчининг билими “PISA” халқаро дастури орқали баҳоланади.
Ҳозирги кунда 2 мингта мактаб юқори юклама билан ишлаяпти. Бу йил бюджет ҳисобидан 112 мингта янги ўқувчи ўрни ташкил этилади. Аҳоли ўсиши ҳисобига, мактабларга эҳтиёж ҳам ортиб боради. Шу боис Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар жалб этиб, ҳудудларда 58 та замонавий мактаб қурилиши режалаштирилган.

Таҳлилларга кўра, мактаб ёшидаги болаларнинг 80 фоизи интернет ва ижтимоий тармоқларда фаол. Уларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича муайян ишлар олиб борилаяпти. Лекин, ёшлар таълим-тарбиясига кучли таъсир кўрсатадиган, қизиқарли миллий контентлар яратаётган ижодкорлар саноқли.
Шулардан келиб чиқиб, болаларга хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, миллий контентларни кўпайтириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Изоҳ (0)