Сўнгги йилларда машҳур санъаткорлар ҳаётига бағишланган фильмлар томошабинлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. “Лўлилар қўшиғи” (“Богемская Рапсодия”), “Рокетмен” ва “Элвис” каби картиналар муваффақиятли чиққанидан сўнг, кино саноатида биографик жанрга бўлган эътибор янада ортди. Эндиликда Бритни Спирс, MakSim, Мадонна, Майкл Жексон каби юлдузлар ҳаёти асосида ҳам янги фильмлар тез орада суратга олинади. Уларнинг шахсий ҳаёти, ижод йўли ва кечмишлари асосида яратилаётган бу фильмлар миллионлаб томошабинлар эътиборини тортиши кутилмоқда.
Бритни Спирс

Universal Pictures компанияси хонанда Бритни Спирснинг 2023 йил 24 октябрда чоп этилган “Мендаги аёл” (The woman in me) ҳаёт хотиралари ҳақидаги китоби асосида фильм суратга олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Китоб бир зумда ўқувчилар ва танқидчиларнинг олқишига сазовор бўлган ва бесцеллер асарга айланган эди. Асар биргина Қўшма Штатларда 2,5 миллион нусхадан кўпроқ сотилган. Ушбу мемуар асосида фильм яратиш учун йирик кино компаниялар орасида катта рақобат бўлиб ўтди ва натижада Universal Pictures китобни экранлаштириш ҳуқуқини сотиб олди.
Биографик фильм режиссёри Жон Чу, продюсери Марк Платт бўлиб, у “La La Lend”, “Вавилон” каби фильмлари билан танилган. Спирс Х тармоғида хонанданинг энг яхши кўрган фильмлари муаллифи Платт билан янги ва сирли лойиҳа устида ишлаётганини маълум қилган эди.
Бритни Спирс китобида ҳаётида бўлиб ўтган оғир дамлар ва аччиқ хотиралари ҳақида очиқ-ойдин сўзлаб берган эди. Асарда поп юлдузнинг оиласи, шахсий ҳаёти, зиддиятли ўтган болалиги, Жастин Тимберлейк билан муносабатлари ва унинг босими остида 19 ёшида аборт қилдиришга мажбур бўлгани, Кевин Федерлайн билан никоҳи, отасининг васийлиги учун курашиши каби кўплаб воқеалар ёритилган. Шунингдек, ўқувчи асар орқали шоу-бизнес карьерасининг турли қирралари ва саҳна ортидаги ҳаётга бошқа томондан қараш имкониятига эга бўлади.
Мадонна

Мадонна Луиза Чикконе 20 ва 21-аср мусиқаси тарихидаги энг муваффақиятли хонандалардан биридир. Унинг ҳисобида 93 та қўшиқ, 14 та альбом ва 7 та “Гремми” мукофоти бор. Шунингдек, у “Эвита” фильмидаги роли учун “Олтин глобус” мукофотини олган.
Меҳнатсеварлиги билан танилган Мадонна ўзи ҳақида биографик фильм суратга олиш ишларига шахсан бош-қош бўлишга қарор қилган. У нафақат фильм режиссёри, балки Диабло Коди билан бирга сценарий муаллифи сифатида ҳам иштирок этади. Продюсерлик ишида эса “Барби” фильми устида ишлаган Эми Паскал унга ёрдам беради.
Мадонна ҳақидаги биографик фильм ҳақида илк миш-мишлар 2017 йилда пайдо бўлган. Ўшанда Universal Pictures Blond Ambition номи остида лойиҳани бошлаган, бироқ фильм фақат 80 йиллардаги фаолиятни қамраб олган ва бу Мадоннани қониқтирмаган. 2020 йилда у Who’s That Girl номли ўз фильм лойиҳасини бошлаганини эълон қилди. 2023 йилда лойиҳа тўхтатилди, аммо кейинроқ суратга олиш ишлари қайта бошланди.
Майкл Жексон

Поп мусиқа қироли, 15 та “Гремми” соҳиби, ажойиб қўшиқлар муаллифи Майкл Жексон ҳаётлигидаёқ афсонага айланган эди. Унинг дисклари миллионлаб нусхаларда сотилган, қўшиқлари ҳит-парадларда етакчилик қилган. Шахсий ҳаёти эса доим жамоатчилик диққат марказида бўлган.
“Майкл” фильми жорий йил кузда экранларга чиқади. Бош ролни хонанданинг жияни Жаафар Жексон ижро этади. Фильм номи “Жексон” бўлиши кутилмоқда. Унда поп қиролига айланган ажойиб, аммо мураккаб инсоннинг таъсирчан ва самимий портрети тасвирланади.
Картинада режиссёр Антуан Фукуа (“Менинг исмим Муҳаммад Али”, “Ўқдан тез”), ссенарист Жон Логан (“007: Скайфолл координаталари”, “Авиатор”) ва продюсер Грем Кинг (“Лўлилар қўшиғи”) каби йирик лойиҳаларда иштирок этган ижодкорлар биргаликда ишлайди.
Фильм ҳақида ҳозирча кўп маълумот йўқ. Аммо фильм Майкл Жексоннинг бутун ижодий йўлини — шон-шарафга эришишдан тортиб, ҳаётининг сўнгги йилларидаги можароларгача ёритиб беради.
Пол, Жон, Жорж ва Ринго

Ливерпуллик афсонавий тўртлик — The Beatles гуруҳи ҳақида фильм суратга олиш жуда масъулиятли вазифа. Аммо режиссёр Сем Мендес битта фильм билан чекланмасдан, ҳар бир аъзо ҳақида алоҳида биографик фильм суратга олишга қарор қилди.
Маълум бўлишича, тўртта фильм, яъни ҳар бир иштирокчи ҳақида биттадан автобиография 2028 йилда чиқади. Пол Маккартни ролини ирландиялик актёр Пол Мескал ижро этади. Жон Леннон ролида Харрис Дикинсон, Жорж Ҳаррисон ролида Жозеф Куинн, Ринго Старр ролида эса Барри Кеоган гавдаланади.
Қизиқ томони шундаки, ҳар бир фильм учун алоҳида сценарий муаллифи жалб қилинган. Бироқ барча сценарийлар Леннон ва Ҳаррисоннинг қариндошлари, шунингдек, ҳозирда ҳаёт бўлган Маккартни ва Стар томонидан маъқулланган. Фильм муаллифларига The Beatles мусиқасидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам берилган.
MakSim

2025 йилда россиялик хонанда Марина Абросимова — MakSim тахаллуси билан ижод қилаётган хонанда ҳақида биографик фильм суратга олиш бўйича музокаралар бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Буни аввал хонанданинг ўзи, сўнг унинг менежери Яна Богушевская тасдиқлади.
Ҳозирча фильм сценарийси ва бош роллар ҳақида маълумот йўқ. Тахминларга кўра, фильм асоси сифатида хонанданинг 2016 йилда чиққан “Ахир бу мен” номли автобиографик китоби олинади.
Фильм воқеаларига сўнгги йилларда MakSim ҳаётида юз берган ишлар ҳам киритилиши мумкин. Жумладан, 2021 йил июнь ойида хонанда коронавирус туфайли сунъий комага тушган ва икки ой ҳушсиз ётган. У ҳушига келганида эса яқинлари мол-мулкини бўлиб олишга тайёргарлик кўраётганидан хабар топган.
Изоҳ (0)