Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги мактабларнинг бирида аёл киши дарс вақтида ўқитувчини ургани акс этган видеони кўрган бўлсангиз керак, албатта. Аёл синфда ўқитувчига қўпол муомалада бўлиб, унинг юзига мушт туширган ва ўлдириш билан таҳдид қилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири дарҳол назоратни ўз қўлига олди, аёл қилган иши учун ўқитувчи ва жамоатчиликдан узр сўради ва ақлий заифлик енгил даражаси билан хасталанган деб топилиб, руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди.
Ўқитувчига тазйиқ ўтказиш ҳолати Сирдарёда биринчиси эмас. Масалан, 2024 йилнинг октябрида Сирдарё туманидаги 2-мактабда икки ўқувчи қиз ўқитувчини урганди. Ўша йилнинг апрелида Фарғонада мактаб ўқитувчиси ўқувчининг қариндошлари томонидан калтакланганди. 2023 йилнинг майида Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси ўқувчисининг онаси томонидан калтакланганди. Сентябрь ойида Сурхондарёда мактаб директори ўқитувчининг яқин қариндошлари томонидан калтакланганди. Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга қилмишидан келиб чиққан ҳолда жазо чоралари кўрилган.

“Дарё” ўқитувчининг иш фаолиятига ноқонуний аралашганлик, ҳақорат ва бошқа турда тазйиқ ўтказганлик учун қонунчиликда белгиланган жазо чоралари билан қизиқди.
Педагог фаолиятига аралашиш тақиқланади
Сирдарёдаги воқеадан кейин мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бу каби ҳолатлар юз берганда ўқитувчи-педагогларимизни ҳимоя қилиш учун керакли юридик, ижтимоий, психологик ёрдам берилиши маълум қилди.

Шуни тушуниб олишимиз керакки, мактабга дуч келган одам (дарс вақтида ҳатто ота-она ҳам) истаганича кириб-чиқиш, дарс жараёни ва педагоглар фаолиятига аралашиш, ўқитувчига дўқ қилиш у ёқда турсин, маданият чегарасидан четга чиқиб гаплашишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатлар аниқланса вазирлик зудлик билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилади!, дейди вазир.
Ҳилола Умарова ўз чиқишида қонунчиликка мувофиқ “педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши”ни алоҳида таъкидлаб ўтган.
Вазирлик ахборот хизмати раҳбарининг “Дарё”га маълум қилишича, ўқитувчининг касбий фаолияти амалга оширилишини таъминлашда аралашиш мумкин эмас. Яъни:
- касбий фаолиятига аралашиш;
- фаолиятини асоссиз равишда текшириш;
- педагог томонидан таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш;
- унга ўз хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиш тақиқланади.
Матбуот котибининг тушунтиришича, педагогнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки унинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Педагогнинг ҳуқуқлари ҳам қонунда қатъий белгилаб ўтилган. Яъни ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланади. Педагогик фаолияти давомида ўзига бириктирилган синфдаги (гуруҳдаги, курсдаги) таълим олувчиларнинг билимини мустақил баҳолайди.
Таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш ҳам ман этилган.
Педагог ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилган, шунингдек ўз ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилган тақдирда давлат божини тўлашдан озод қилинади, — дейди Дилфуза Собирова.
Миллий гвардия қаерда эди?
Мактабдаги тартиб-назорат Ичик ишлар вазирлигидан Миллий гвардияга ўтказилганидан кейин тайинки, мактабларда бўлаётган нохуш ҳолатлар вақтида “Миллий гвардия ходими қаерда эди” деган жамоатчилик томонидан берилмоқда.
Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи, полковник Зафар Алимовнинг маълум қилишича, Миллий гвардия органлари, мактабда болаларнинг хавфсиз таълим олишини таъминлаб беришимиз керак.

Ким бўлишидан қатъи назар, мактабга совуқ ёки ўқотар қурол, ноқонуний нарса олиб кирадиган бўлса, биз унинг олдини олишга мажбурмиз ва бу бизнинг бевосита вазифамиз ҳисобланади. Албатта, ҳар битта боланинг сумкасини текшириш ёки телефонини титкилаш ниятимиз йўқ. Лекин мактаб хавфсизлигини таъминлаш учун барча чоралар кўрилади, — дейди Зафар Алимов.
Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров Сирдарёдаги ҳолат юзасидан “Дарё”га изоҳ берар экан айни ўша вақтда қоровул “ташвиш” тугмасини босган ва тезкор ходимлар етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг март ойида Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманидаги мактабга қўлида болта билан келган фуқаро мактабга кирмоқчи бўлиб жанжал кўтаради. “Ташвиш” тугмаси босилганидан кейин махсус ходимлар келиб уни қўлга олинган эди.Воқеа жойига етиб келган Миллий гвардия ходимлари аёлни қўлга олиб, ички ишлар органларига топширган.
Ҳар битта мактабга “ташвиш” тугмаси ўрнатилган. Юқоридаги ҳолатларда чақирув тугмаси босилса, махсус ходимлар тезкор равишда етиб боради.
Ҳозирда вилоят, шаҳар ва туман марказлардаги мактабларга Миллий гвардия ходимларидан қоровул тайинланган. Кейинчалик барча мактабларда қоровуллар гвардия ходими бўлади, дейди Даврон Жуманазаров.

Гвардия масъулининг тушунтиришича, Миллий гвардиянинг бир нафар инспектор-психолог ходимига 4-5 тадан 7 тагача мактаб бириктирилган.
Инспектор-психологнинг асосий вазифаси — ўқувчилар давомати. У эрталаб ўзига бириктирилган мактабларни айланиб чиқади ва сабабсиз дарсга келмаган ўқувчиларни аниқлайди. Агар ўқувчи сабабсиз мактабга келмаган бўлса, маҳалла еттилигига ахборот беради, керак бўлса, уни уйигача бориб, ҳолатни ўрганади.
Албатта, мактабда содир бўлаётган ҳуқуқбузарликни олдини олиш ҳар инспектор-психологнинг ҳам вазифаси. Лекин ҳодиса содир содир бўлган айни ўша вақтда инспектор ўша мактабда бўлмаслиги мумкин.
Баъзи мактабларнинг атрофини ўраб турувчи деворлар тўлиқ эмас ёки қўшимча эшиклар бор. Ўша ерлардан ҳам бошқа шахслар ўқув муассасасига кириб кетиш ҳолатлари учраб турибди. Шунинг учун, барча мактабларнинг атрофи ва ҳаттоки ёндош ҳудудларига ҳам кузатув камералари ўрнатилмоқда. Бу марказлашган бўлади яъни Тошкент шаҳридан туриб Республиканинг исталган мактабини кузатиб туриш тизими йўлга қўйилади, — дейди у.
Миллий гвардия органлари, шу жумладан, унинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 моддаси бўйича маъмурий ишларни кўриш ваколати берилган:
- болаларни тарбиялаш ва таълим бериш борасида мажбуриятларини бажармаслик;
- жамоат жойларида сигарет чекиш;
- жамоат жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш;
- вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш.
Жавобгарлик оғир эмас
Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг тушунтиришича, ўқитувчининг фаолиятга аралашиш ёки унга тўсқинлик қилиш, ҳақоратлаш, куч ишлатиш бўйича воқеликка қараб жавобгарлик белгиланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197 прим 5-моддасида таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кўрсатиб ўтилган.
Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун:
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМнинг) 5 бараваридан 7 бараваригача (1 млн 875 минг сўмдан 2 млн 625 минг сўмгача);
мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорида (2 млн 625 минг сўмдан 3 млн 750 минг сўмгача) жарима қўлланилади.
Шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса:
фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (2 млн 625 минг сўмдан 3 млн 750 минг сўмгача);
мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорида (3 млн 750 минг сўмдан 5 млн 625 минг сўмгача) жарима қўлланиши мумкин.
Адвокатнинг таъкидлашича, агарда педагог ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда уни кимдир ҳақорат қилса, ҳуқуқбузар Жиноят кодексининг 140-моддасининг учинчи қисми “а” банди билан айбланиши мумкин.
Бунда БҲМнинг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача (150 млн сўм дан 225 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Ҳуқуқшунос Абдумалик Абдуллаев амалиётда ўқитувчига тазйиқ ва зўравонликлар мактаб биносида, ўқитувчи ва ўқувчилар олдида рўй беришини айтиб ўтди.
Бу Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган деб баҳоланади, — дейди у.
Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Алоҳида таъкидлаш керакки, педагог бузилган ҳуқуқлари юзасидан моддий ва маънавий зарар ундириш учун фуқаролик судларига ҳам мурожаат қилишга ҳақли.
Изоҳ (0)