Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида қизи ҳокимнинг ўғли томонидан калтакланган она жаримага тортилди. Бу ҳақда “informburo.kz” хабар берди.
Вилоятдаги вояга етмаганлар ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суд шундай қарор қабул қилган. Аёл фарзанд тарбияси бўйича мажбуриятларини бажармагани учун жавобгарликка тортилган. Судда аниқланишича, унинг қизи жамоат тартибини бузган ҳолда 6-синф ўқувчисини (ҳокимнинг ўғлини) безовта қилган ва жанжал келтириб чиқарган. Натижада, ўғил бола унинг юзига урган.
Воқеа бола физика дарсига кетаётганида 7-синф қиз ва унинг дугонаси билан тўқнашиб кетганида юз берган. Қизлар боланинг йўлини тўсиб, ташқи кўриниши ва кийимини масхара қилган, ўтиб кетишига тўсқинлик қилиб, қўлидаги ичимлигини олиб қўйишган. Шундан сўнг бола мушт билан жавоб қайтарган.
Суд жараёнида қиз таъқиб қилишда айбдор деб топилган. Ўқувчилар ўртасида келишмовчилик аввал ҳам кузатилган. Бироқ ўшанда вазият жиддий тус олмаган.
Суд барча ҳолатларни кўриб чиқиб, қизни майда безориликда айбдор деб топган, онасини бола тарбияси бўйича мажбуриятларини бажармагани учун 51 688 тенге (115 доллар) жаримага тортган. Қозоғистон Таълим вазирлиги 6-синфда ўқиган бола Павлодар вилоятидаги туман ҳокимининг ўғли эканини тасдиқлаган.
Изоҳ (0)