Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги хусусий мактабда фаолият юритувчи тўгарак раҳбари жаримага тортилди. У ўқувчисини калтаклаганликда айбланганди. Бу ҳақда сайёр суд мажлисида қатнашган “Дарё” журналисти хабар берди.
Ўқитувчи ўқувчисини калтаклаш воқеаси 2025 йилнинг 4 апрель куни бўлиб ўтганди.
Ўғлим Абдуллоҳни Сергелидаги “Мударрис” мактабига ўқишга бергандим. 7-синфда ўқийди. Унинг шахмат устози бор экан, тадбир бўлаётган пайтда у ўғлимни урган. Фарзандим тадбир пайтида синфдоши укасининг мазаси қочиб қолганини айтмоқчи бўлиб, унинг олдига борганида ўқитувчи дастлаб боламнинг бошига урган. Кейин воқеа жойида камера борлиги учун уни камерасиз хонага олиб ўтиб калтаклаган. Ўғлим ўқитувчисининг калтаклаши оқибатида ёпиқ бош мия ички жароҳатини олган. Хусусий клиникада ҳам текширтирдим, айнан шунақа жароҳат чиқяпти, деганди бу ҳақда “Дарё”га хабар берган ўқувчининг отаси.
Мурожаатчи 7 апрель куни фарзандини Чилонзор туманидаги республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига ҳам олиб борган.
16-балницаъда ҳам бош мия ички жароҳати дейишди. Шифокорлар 102 қилишган, ИИБдан ариза олишганди. Аммо натижа йўқ. Шу сабаб кеча, 7 апрель куни Сергели туман прокуратурасига мурожаат қилиб, ИИБ ходимларининг ҳаракатсизлигини айтдим. Шундай бўлса-да, натижа йўқ. Шу боис журналистларга воқеани айтяпман, деганди мурожаатчи.
“Мударрис” хусусий мактабида академик директор сифатида фаолият юритувчи Соҳибхон Ибрагимовнинг маълумот беришича, воқеадан сўнг шахмат тўгараги раҳбари ишдан олинган. Мактаб директорига ҳайфсан берилган.
Хусусий мактаб ходимининг ушбу ҳаракати Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг тергов судьяси Валиев раислигида сайёр суд тартибида кўриб чиқилди. Судда ОАВ вакилининг фото, видео ҳамда аудиоматериаллар олишига тақиқ қўйилди.
Судда сўз олган судланувчи айбига иқрорлигини, бошқа такрорламаслигини айтган бўлса, калтакланган боланинг отаси экспертнинг бола енгил тан жароҳати олган деган хулосасидан норозилигини айтди.
Шунингдек, “болаларга қўл кўтарувчи бундай ўқитувчиларни тизимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак”, деди.
Мен ўғлимга қўл кўтарган ўқитувчини кечирмайман ва умуман Ўзбекистонда ўқувчисини уриб тарбиялаб, унга таълим берадиган педагогларни оқламайман. Калтак еб катта бўлган боланинг келажаги қандай бўлади? Шу сабаб бугун юртимизда Россияга бориб, қора меҳнат қилиб пул топувчилар кўпаймоқда. Уларнинг кўпайишига ўқувчига қўл кўтараётган шундай ўқитувчилар сабабчи. Шуни инобатга олган ҳолда бу ўқитувчини ҳам тизимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак, деди у.
Судья йиғилган далиллар ва эксперт хулосасини тинглаб, ўқувчисини калтакланган тўгарак раҳбарини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) бўйича айбдор деб топди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари — 1,5 миллион сўм миқдорида жарима жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)