Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида хусусий боғча ходими 6 ёшли болани калтаклади. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, болалар омбудсмани котибиятига фуқаро Г.А. (аёл) нинг мурожаати келиб тушган. Мурожаатда жорий йилнинг 13 март куни вояга етмаган фарзанди В.Д. (2018 йилда туғилган ўғил бола) нодавлат мактабгача таълим муассасасига борган вақтида муассаса администратори У.И. болани уриб, жароҳат етказганини маълум қилган.
Мурожаатчи билдиришича, У.И. болага нисбатан қилган номақбул муомаласи учун жавобгарликка тортилган бўлса-да, аёл ушбу мактабгача таълим муассасасида фаолиятини давом эттираётганини атрофлича ўрганилишида амалий ёрдам сўраган.
Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани сўрови асосида ИИВ ва МТМВ томонидан ўрганилган. Аниқланишича, администратор лавозимида ишлаб келган У.И. 2018 йилда туғилган В.Д.га нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, уни камера йўқ хонага олиб чиқиб қасддан уриб, соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига олиб келмаган енгил тан жароҳати етказган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида маъмурий жавобгарликка оид иш материаллари судга юборилиб, 26 март куни суд томонидан тарбиячи У.И.га нисбатан жарима жазоси қўлланилган.
Шунингдек, У.I билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам 26 мартда бекор қилиниб, унинг мазкур муассасада фаолияти якунланган.
Болаларни жазолаб тарбиялаш асло мумкин эмас
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 6 март куни давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашувда болаларга ҳар қандай шаклда куч ишлатиш, жазолаб тарбиялаш асло мумкин эмаслигини айтганди. Буни тизимда ишлаётган ҳар бир раҳбар, педагог, тарбиячи ва ёрдамчи ходим бирдек тушуниши, шу тартибга риоя этиши шартлигини таъкидлаганди.
Сўнгги ойларда боғчаларда болаларга нисбатан қилинган қўпол муносабатлар
2025 йил 3 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олингани маълум қилинди. 27 март куни Тошкент вилоятидаги боғчада ҳам болаларга қўполлик қилиб келган тарбиячи ишдан олинганди. 14 февраль куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уриб, уларни ҳақоратлагани учун жаримага тортилиб, ишдан кетганди. 28 февраль куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланди. 21 февралда Тошкентдаги боғчада бола стулга скотчлаб қўйилгани ортидан тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишдан бўшатилди. 6 февраль куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги боғчада 6 ёшли боланинг танасига игна санчиб, таҳдид қилингани аниқланди. 6 январда Тошкент вилоятидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, бир неча маротаба ургани аниқланиб, ишдан олинди.
Изоҳ (0)