Болаларга қўпол муносабат қилинган “Танзиландия” боғчаси суд қарори билан лицензиясидан айрилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари “Дарё”га хабар берди.

Маълум қилинишича, 14 февраль куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимлари томонидан Мирзо Улуғбек тумани, Кичик автомобиль ҳалқа йўли ва Буюк ипак йўли йўли кўчалари кесишмасида жойлашган “Yuksalish Construction” (“Танзиландия”) нодавлат мактабгача таълим ташкилотида ўрганиш ўтказилди. Аниқланган қўпол камчиликлар асосида боғчанинг лицензиясини бекор қилиш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига ариза киритилди.
19 март куни суднинг ҳал қилув қарори билан хусусий боғча 2019 йил 27 декабрь кунидаги лицензияси бекор қилинди. Суднинг қароридан норози бўлиб, жавобгар иқтисодий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти киритди.
23 апрель куни соат 12:00 да Тошкент шаҳар судида судья Усманов Анвар Акрамович раислигида мазкур иш кўриб чиқилди. Суд ҳайъати томонидан апелляция шикояти қаноатлантиришни рад этди ва қарорни ўз кучида қолдирди.
Тармоқларда Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячилар болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани акс этган видеолар тарқалганди. “Repost.uz” бундай вазият Мирзо Улуғбек туманидаги “Танзиландия” хусусий болалар боғчасида мунтазам равишда содир бўлишини ёзганди.
Маълумотларга кўра, ота-оналардан бири фарзандининг хулқ-атворидаги ўзгаришларни сезган. Нима бўлаётганини тушуниш мақсадида фарзандининг ўйинчоғига овозни ёзиб олувчи мосламасини ўрнатиб, болани боғчага юборган.
Саккиз соатлик аудио ёзувда боғча тарбиячилари нохуш сўзлар билан гаплашиб, болаларни бир неча бор калтаклагани эшитилгани айтилмоқда. Қайд этилишича, шундан сўнг ота-оналар боғча директоридан ололмаган камера ёзувларини ИИБга боргач кўришган.
Унда тарбиячилар болаларни спорт зали, кийиниш хоналари ва фаоллар залида калтаклагани, аммо ота-оналар учун видеокузатув мавжуд бўлган хоналарда тинч ва хушмуомалалик билан муомалада бўлгани кўрсатилган.
Шунингдек, аввалроқ Юнусободдаги First Дайcаре боғчаси тарбиячиси ва тарбиячи ёрдамчисининг болалардан бирини овқат емагани учун стулга скотчлаб қўйгани ҳақида хабар берилганди.
Бу каби салбий ҳолатларнинг сўнгги вақтларда кўпайиши мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга кўрсатилаётган таълим ва тарбия хизматлари ҳамда уларга яратилган шароитларни мониторинг қилиш қониқарсиз йўлга қўйилганини кўрсатмоқда.
Ҳозирда республика бўйича 31 139 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ва 6 919 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатаётганини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги каби нохуш ҳолатларнинг юз бермаётганига ҳеч ким кафолат бермайди, дейилади Сенат хабарида.
Сенатор вазирдан мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларининг сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тушунтириш беришни сўраган.
Болаларни жазолаб тарбиялаш асло мумкин эмас
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 6 март куни давлат ва нодавлат мактабгача таълим тизими масъуллари билан учрашувда болаларга ҳар қандай шаклда куч ишлатиш, жазолаб тарбиялаш асло мумкин эмаслигини айтганди. Буни тизимда ишлаётган ҳар бир раҳбар, педагог, тарбиячи ва ёрдамчи ходим бирдек тушуниши, шу тартибга риоя этиши шартлигини таъкидлаганди.
Сўнгги ойларда боғчаларда болаларга нисбатан қилинган қўпол муносабатлар
2025 йил 3 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги боғчада болаларга қўпол муносабатда бўлган тарбиячи ишдан олингани маълум қилинди. 27 март куни Тошкент вилоятидаги боғчада ҳам болаларга қўполлик қилиб келган тарбиячи ишдан олинганди. 14 февраль куни Самарқанднинг Жомбой туманидаги боғчада тарбиячи болаларни уриб, уларни ҳақоратлагани учун жаримага тортилиб, ишдан кетганди. 28 февраль куни Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, юз ва бош қисмларига бир неча маротаба ургани аниқланди. 21 февралда Тошкентдаги боғчада бола стулга скотчлаб қўйилгани ортидан тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишдан бўшатилди. 6 февраль куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги боғчада 6 ёшли боланинг танасига игна санчиб, таҳдид қилингани аниқланди. 6 январда Тошкент вилоятидаги боғчада тарбиячи болаларнинг қулоғидан тортиб, бир неча маротаба ургани аниқланиб, ишдан олинди.
Бугун эса Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида хусусий боғча ходими 6 ёшли болани калтаклагани хабар қилинди.
Изоҳ (0)