Аввалроқ Мадриднинг “Реал” клуби Испания Кубоги финали олдидан ўтказилиши лозим бўлган расмий тадбирларни бекор қилгани ҳақида хабар берилганди. Клуб матбуот хизмати расмий баёнот берди.

Унда клуб 26 апрелда бўлиб ўтиши мўлжалланган Cопа де Рей финалига тайинланган ҳакамлар иштирокидаги матбуот анжуманида айтилган сўзларни номақбул деб ҳисоблашини маълум қилган.
“Эртанги финал ҳакамларидан бирига қарши 24 соат олдин тайёрланган, сўз эркинлиги билан ҳимоя қилинадиган Реал Мадрид TV каби оммавий ахборот воситасининг видеоларига тўсатдан эътибор қаратилган бу норозиликлар, ҳакамларнинг “Реал Мадрид”га нисбатан очиқ ва яққол душманлиги ҳамда қарши муносабатини яна бир бор намоён этди.
Янада ҳайратланарлиси, таҳдидли оҳангда қилинган ва ҳакамлар ўртасида гўё бирлик борлигини англатувчи баёнотлар орқали қандайдир чора-тадбирлар ёки ҳаракатлар эълон қилинди — булар эса бутун дунё бўйлаб юз миллионлаб мухлислар эътиборини тортувчи футбол воқеаси олдидан устувор бўлиши шарт бўлган адолат, холислик ва бетарафлик тамойилларига мутлақо зиддир.
Юз берган ҳолатнинг жиддийлигини ҳисобга олган ҳолда, “Реал Мадрид” клуби Испания футбол федерацияси (RFEF) ва ҳакамлар ҳайъати масъуллари ўзлари вакиллик қилаётган ташкилотлари нуфузини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришларига умид қилади”, дейилади клуб баёнотида.
Испания Кубоги финали 26 апрелдан 27 апрелга ўтар кечаси соат 01:00 да бошланиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)