Дунё аҳолиси ўзига хос хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Ҳар кимнинг бўйи, вазни ва ташқи кўриниши бошқа-бошқа. Аммо айрим инсонлар ўзининг ғайриоддий ташқи кўриниши билан ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига ҳам кириши мумкин. Қуйида сайёрамизнинг турли чеккаларида таваллуд топган ана шундай митти инсонларнинг ҳаёти ва тақдири ҳақида сўз юритамиз.
Чандра Баҳадур Данги

Чандра Баҳадур Данги 1939 йил 30 ноябрда Непалда туғилган. У Гиннеснинг Рекордлар китобига энг паст бўйли одам сифатида киритилган. Чандранинг бўйи атиги 54,6 сантиметр, вазни эса 14 килограмм бўлган.
Данги Непалнинг Салян номли қишлоғида ўсган. Унинг беш ака-укаси бўлган, шулардан учтаси ҳам 122 сантиметрдан паст бўлган. Ҳаёти давомида у тўқувчи бўлиб ишлаган ва турли шляпалар тайёрлаган. 2012 йилда Данги ўзининг ноодатий жисмоний ҳолати билан дунёга танилган ва Гиннес китобига киритилди.
Шундан сўнг Чандранинг ҳаёти тубдан ўзгарди, ўша пайтда рекордчи эркак 72 ёшда эди. 2012 йилда у ўзига мос бўйли аёл Жоти Амжи билан учрашиб, яқин муносабатлар бошлаган. 2014 йилда эса у ўша вақтдаги Гиннес рекордлари бўйича энг баланд бўйли одам — Султон Кесен билан учрашди.
Чандра Баҳадур Данги 2015 йил 3 сентябрда, 75 ёшида вафот этди. У дўстлари ва яқинлари ёдида ҳар доим қувноқ ва ижобий инсон сифатида қолди.
Гул Муҳаммад

Гул Муҳаммад 1957 йил 15 февралда Ҳиндистоннинг Нью Деҳли шаҳрида туғилган. 1990 йилда унинг бўйи 57 сантиметр, оғирлиги 17 килограмм деб қайд этилиб, Гиннес рекордлар китобига киритилган. У ўзининг ноодатий ҳолатидан тасодифан, тиббий кўрикдан ўтаётганда хабардор бўлган.
Гул Муҳаммад бронхит ва астмадан азият чеккан ва айнан шу касалликлар унинг 1997 йил 1 октябрда, 40 ёшида вафот этишига сабаб бўлган.
Жунри Балавинг

Жунри Балавинг 1993 йил 12 июнь куни Филиппинда, камбағал темирчи оиласида туғилган. Унинг бўйи 60 сантиметр, вазни 15 килограмм эди. Бу рекорд 2011 йилда, унинг 18 ёшида, собиқ рекордчи Ҳегендра Тапа Магарни ортда қолдиргач, расман тасдиқланган.
Жунри бир ёшидан кейин ўсишни тўхтатган. 2012 йилда Чандранинг рекорди уни ортда қолдирган бўлса-да, 2015 йилда Данги вафотидан сўнг Жунри яна энг паст бўйли одам унвонини қайтариб олган.
У Дапитан шаҳрида оиласи билан яшаган, ва соғлиқ муаммоларига қарамай, кўплар учун илҳом манбаи бўлган. Жунри 2020 йил 28 июлда, 27 ёшида, пневмониядан вафот этган.
Афшин Гадерзаде

Афшин Гадерзаде 2022 йилда Гиннес рекордлар китобига энг паст бўйли одам сифатида киритилган. Унинг бўйи 65,24 сантиметр, вазни 13 килограмм эди. Шунингдек, у “энг кичик қўллар эгаси” сифатида ҳам тан олинган.
У 2002 йил 13 июлда Эроннинг Букон шаҳрида, курд оиласида туғилган. Жисмоний ҳолати сабабли ўқишни тўхтатган, бироқ Эрон миллий қўмитаси кўмагида Гиннес рўйхатига киритилган. 2023 йилда у iPhone 14 номли курд фильмида бош ролни ўйнаши эълон қилинган.
Ҳагендра Тапа Магар

Ҳагендра Тапа Магар 1992 йил 4 октябрда Непалда туғилган. Унинг бўйи 67 сантиметр эди. Туғилганида бор-йўғи 600 грамм бўлган, бир ёшида эса 6,5 килограммга етган.
2008 йилда Британиянинг Channel 4 телеканалида у ҳақда ҳужжатли фильм намойиш этилган. Ҳагендра 2020 йил январь ойида, 27 ёшида, ўпка касалликлари туфайли вафот этган.
Лин Юйчжи

Лин Юйчжи 1972 йилда Тайванда туғилган. У ёзувчи ва жамоатда фаол. Унинг бўйи 67,5 сантиметр, оғирлиги 8 килограмм. У ҳам Британиянинг 2008 йилги ҳужжатли сериалида иштирок этган.
Линда нтўлиқ остеогенезис номли ирсий касаллик аниқланган. Ҳозирда у айнан шу касалликдан азият чекаётганларга ёрдам берувчи жамғарма асосчиси.
Эдвард Нинё Эрнандес

1986 йилда Колумбиянинг Богото шаҳрида туғилган. 2010 йилда 24 ёшида, унинг бўйи 70 сантиметр, вазни 10 килограмм бўлган. У Гиннес рекордини қўлга киритган, кейинчалик эса бўйи 72,1 сантиметрга етган.
Бугунги кунда Эдвард ўзининг қатъиятлилиги билан танилган, ҳамда Аргентинадаги “Сусана Ҳименес” номли машҳур телекўрсатувда иштирок этган.
Хе Пинпин

Хитойлик Хе Пинпин 1988 йил 13 июлда туғилиб, 2010 йил 13 мартда вафот этган. 2007 йилда Гиннес китобига энг паст бўйли одам сифатида киритилган. Ўша вақтда унинг бўйи 74 сантиметр, оғирлиги 7 килограмм эди.
У туғилганида қўлда бемалол панжа ичига сиғадиган даражада кичкина бўлган. Унинг ҳам касаллиги остеогенезис эди. 2007 йилда Токиодаги телекўрсатувга таклиф этилгач, машҳур бўлиб кетган.

2008 йилда у Британия ҳужжатли фильмида ҳам иштирок этган. 2009 йилда у ўша пайтдаги энг паст бўйли одам — Бао Сишу билан учрашган. Хе Пинпин 2010 йил март ойида кўкрак оғриғи сабабли касалхонага ётқизилган ва юрак муаммолари туфайли 21 ёшида вафот этган.
Изоҳ (0)