Япониялик таниқли хонанда Юдзуки Накасима ҳар куни университетга самолётда қатнаши учун кунига тўрт соат вақт сарфлаши ҳақида сўзлаб берди.

Юдзукининг ўзи Токиода яшайди, қиз таҳсил оладиган университет эса Фукуокада, Токиодан тахминан минг километр масофада, Япониянинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган. Накасима болалигидан айнан шу олий ўқув юртига киришни орзу қилган, шунинг учун узоқ масофа босиб ўтиш унга талабалик давридан завқланишга тўсқинлик қилмайди.
“Орзуйингиз сари олға қадам ташлаш учун сарфлаган ҳар бир сония ҳаётингиздаги энг бебаҳо хотиралардан бирига айланади”, дейди у.
Юдзуки ҳар куни эрталаб соат бешда уйғонади, бир соат ўтгач, Ҳанеда аэропортидаги биринчи рейсга улгуриш учун йўлга чиқади. Китакюсуга етиб боргач, Накасима такси чақиради ёки автобусга ўтириб, университет кампусига етиб боради. Ҳар бир сафар тахминан икки соат давом этади. Бир томонлама йўл ҳақи унга 105 долларга тушади. Йўл давомида вақтдан унумли фойдаланиш учун қиз уй вазифаларини бажаради, китоб ўқийди ва янги мусиқалар ҳақида бош қотиради.

Бу ҳақда хонанда университет дипломини олганидан кейингина мухлисларига сўзлаб берди. Ҳозирда Накасима кўпроқ вақтини ижодга ва янги қўшиқлар ёзишга бағишламоқда:
“Агар орзуга етишни истасангиз, бу йўл қанчалик мураккаб бўлмасин, жасур бўлинг ва дадил ҳаракат қилинг”, деди у.
Аввалроқ оиласи билан кўпроқ бирга бўлиш учун ҳар куни ишга самолётда қатнайдиган малайзиялик аёл ҳақида ҳикоя қилинган эди.
Изоҳ (0)