Калифорнияда яшовчи бошпанасиз эркак бир кунда бадавлат инсонга айланди. У Sandyʼs Deli Liquor номли шароб дўконида лотерея чиптасини сотиб олиб, 1 миллион долларлик ютуққа эга бўлди. Бу ҳақда Los Angeles Times нашрига таяниб “Правила жизни” хабар берди.

Ғолибнинг исми ошкор этилмаган. Эркак Sandyʼs Deli Liquor дўконининг доимий мижозларидан бири. Дўкон менежери Уилсон Самаан уни содиқ ва ишончли инсон деб атади ва бундай ютуқ айнан керакли инсонда учраганидан хурсанд эканини қайд этди. Мукофот совриндори узоқ йиллар давомида Калифорниянинг Сан Луис Обиспо шаҳридаги кўчаларда яшаб келган. Самаан эса унга бир пайтлар иш таклиф қилган, бироқ эркак тиззасидаги касаллик туфайли буни рад этган.
Самааннинг айтишича, унинг мижози ютуқ ҳақида ўтган ҳафтада билиб қолган. Эркак доимгидек дўконга ташриф буюриб, чиптадаги ҳимоя қатламини ўчирган ва рақамларни кўриб, кўзларига ишонмаган. Дастлаб у 100 минг доллар ютдим деб ўйлаган, бироқ Самаан унга аслида ютуқ суммаси анча катта эканини тушунтирган:
У: “Уилсон, бу ростми? Бу ҳақиқий ютуқми?” деб ҳайрон бўлиб сўради. Мен чиптага қарадим-да: “Ука, сен жекпот ютдинг!” дедим”, дея эслайди Самаан.
-tc6LvesN.avif)
Фото: Los Angeles Times
У ғолибни California Lottery офисига олиб борган, у ерда ютуқли чипта расмийлаштирилади. Статистикага кўра, бундай жекпотни ютиб олиш эҳтимоли ҳар 2 047 423 миллионтадан бир мартада учрайди
Бахтли ғолиб LА Times нашрига берган интервьюсида, бу лотерея унинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборганини айтди. Бу пулларга эркак кичик уй ва машина харид қилишни режалаштирмоқда. Қолган маблағни эса инвестиция қилиш ниятида. California Lottery вакилларига кўра, ютуқни тасдиқлаш жараёни бир неча ҳафта ёки икки-уч ой давом этиши мумкин.
Изоҳ (0)