АҚШнинг Шимолий Каролина штатида истиқомат қилувчи ҳомиладор аёл соғлиғида нохуш аломатни сезди ва ChatGPT’дан ўзидаги симптомлар ҳақида сўради. Сунъий интеллект берган тавсиялари эса унинг ва фарзандининг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Motherly нашрига таяниб “Правила жизни” хабар бермоқда.

Наталия Терриен ўша вақтда ҳомиладорлигининг учинчи триместри — саккизинчи ойида эди. Бир пайт у жағ мушакларининг таранглашиб қолганини ҳис қилди ва ChatGPT’дан “нега жағимни қимирлата олмаяпман?” деб сўради. Аёл ушбу ҳолат жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳатто тасаввур ҳам қилмаган эди.
Чат-бот Наталияга қон босимини текширишни маслаҳат берди ва аёл бунга амал қилди. Қон босими кўрсаткичлари эса жуда юқори бўлиб чиқди, шундан сўнг сунъий интеллект унга зудлик билан тез ёрдам чақиришни тавсия қилди.
Ҳомиладор аёлнинг қон босими касалхонада 200/146 даражагача кўтарилди. Шифокорлар бу ҳолатни хавфли деб топиб, чақалоқни муддатидан олдин туғдиришга қарор қилди. Тиббиёт ходимларининг сўзларига кўра, Тарриен ўша куни уйқуга ётганида, у қайтиб уйғонмаслиги мумкин эди.
Ҳозирда она ва бола соғ-саломат. Бу воқеа билан ёш она Instagram пости орқали бўлишди ва унинг ҳикояси ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, миллион кўришлар ва лайклар тўплади. Наталия постида: “ChatGPT ҳаётимни сақлаб қолди”, дея ёзган.
Изоҳ (0)