Кастилиялик Изабелла роли Мелика Ялова учун ҳақиқий мўжизага айланди. Туркия вазирининг қизи ҳеч қачон актриса бўлишни орзу қилмаган эди, аммо суратга олиш таклифини олгач, бу имкониятни бой бермасликка аҳд қилди.
Мелике Ипек Ялова 1984 йил 29 апрелда (баъзи манбаларда 4 май) Истанбулда таваллуд топган. Онаси уй бекаси, отаси Юксел Ялов эса давлат вазири бўлган. Меликенинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон актриса бўлишни орзу қилмаган, чунки унинг ҳаёти доимо сиёсат билан боғлиқ эди. Шу сабабли Мелике мактабни тугатгач, дастлаб Билкент университетининг халқаро муносабатлар факультетига ўқишга кирган, кейинчалик эса Римдаги Ла Сапиэнза университетида таҳсилини давом эттирган. Бироқ Ялова университетда ўқиб юрганида тўй бизнесига қизиқиб қолади ва ўз салонини очишни орзу қилади. Ота-онасининг қўллаб-қувватлаши туфайли у орзусини рўёбга чиқаради ва Мелике Ипек келинлар учун нафис либослар сотиладиган шахсий тўй салонига эга бўлади. Айтганча, баъзи либосларнинг дизайнини у ўзи ишлаб чиқади.
Ижодий фаолияти
Мелике Ипек Ялова кинематографияга тасодифан кириб қолган бўлса-да, илк роли унга оламшумул шуҳрат келтирди. Айнан у машҳур “Муҳташам юз йил” сериалида кастилиялик Изабеллани гавдалантирган эди.
“Бир куни жуда яқин дўстим билан тушликка балиқ ресторанига бордик. У ерда Мерал Окай, Меҳмет Гунсур ва “Муҳташам юз йил” сериали режиссёри Нермин Эрўғлу бор экан. Ўшанда мен фақат Мерал хоним ва Меҳмет Гунсурни танирдим. Нермин Эрўғлу ёнимга келиб: “Сизга рол таклиф қилмоқчимиз. Нима билан шуғулланишингизни билмайман-у, лекин бир куни ташриф буюринг”, деди. У менга ташриф қоғозини қолдирди. Бордим, синов учун суратга олишди. Ҳамма “рози” деб овоз берди ва мен ролга тасдиқландим”, дейди у.
Сериалнинг айрим томошабинлари, айниқса Ҳуррам султоннинг ашаддий мухлислари актрисани қаттиқ танқид қилишди. Уни “хунук”, “бесўнақай” ва “сунъий” деб аташди. Бироқ танқид Меликени янги ютуқларга ундади. Актриса янги таклифларни рад этмади ва суратга тушишда давом этди.
“Муҳташам юз йил”дан сўнг турк актрисаси “Қора амаки”, “Ҳаёт қўшиғи”, “Доира”, “Бир кун Чукуровада”, “Инсон айби”, “Жонимни бераман”, “Бегуноҳ айбланувчи” ва “Манарли” каби машҳур сериал ва фильмларда рол ижро этган.
Кинематография соҳасидаги бутун фаолияти давомида Ялова ўзининг тўй бизнеси ҳақида ҳам унутмаган. Турдизи юлдузи янги лойиҳаларда суратга тушиш ва севимли машғулотини ажойиб тарзда уйғунлаштира олади.
Шахсий ҳаёти
Мелике Ипек Ялова ҳеч қачон шахсий ҳаётини ошкор қилмаган. У 2019 йилда беш йил давомида муносабатда бўлган продюсер Алтуғ Гултан билан турмуш қурди. Эътиборли жиҳати шундаки, машҳурларнинг ўзлари ижтимоий тармоқларда тўй маросимидан суратлар жойлаштирмаган, бироқ уларнинг меҳмон-у дўстлари янги оила қурганлар билан боғлиқ лавҳаларни бажонидил улашишган. Афсуски, 2021 йилда эр-хотин ажрашди. Улар ажралиш сабабларини маълум қилмади, Ялова эса шахсий ҳаётини янада пухта яширишга киришди.
Мелике Ипек Ялова ҳозирда
Ҳозирги кунда актриса бизнесини давом эттириш билан бирга, рол бўйича янги таклифларни ҳам кўриб чиқмоқда. Ялованинг айтишича, у ҳаётидан жуда мамнун ва Мерал Окайнинг таклифини қабул қилиб, суратга тушишга келганидан ҳеч қачон афсусланмаган.
У кўп вақтини отхонада ўтказади. Мелике фаол турмуш тарзини олиб боришга интилади: отда сайр қилиш, ёга машқлари, саёҳатлар, сузиш ҳавзаси — унинг ҳар бир куни турли хил воқеаларга тўла. Ялованинг тан олишича, ғамгин пайтларида у ёлғиз қолишни маъқул кўради ва кўп китоб ўқийди. Ажрашгандан сўнг, Мелике Ипек бутун эътиборини ишга қаратди ва шахсий ҳаётини эҳтиёткорлик билан ҳимоя қила бошлади.
Мелике Ипек Ялова ҳақида қизиқарли маълумотлар
- Актриса турк, инглиз ва француз тилларини мукаммал билади.
- Мелике ҳайвонларни жуда яхши кўради ва уларга ёрдам кўрсатишга қаратилган кўплаб хайрия жамғармаларини қўллаб-қувватлайди.
- Турк сериаллари юлдузи футболни жуда севади ва миллий ўйинларнинг бирортасини ҳам ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилади.
- Мелике Ипек ўзини “мода изқувари” деб атайди. Шахсий микроблогида актриса мунтазам равишда харидлари ҳақида маълумот беради ва обуначиларига энг замонавий услубларни намойиш этади.
Изоҳ (0)