Тошкентда йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланишда ҳайдовчиларнинг фақат ўз ҳудуди ва унга туташ ҳудудларда хизмат кўрсатиши белгилангани баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётганди. Ҳолат юзасидан Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов изоҳ берди, дея хабар бермоқда “Дарё” мухбири.

Унинг айтишича, эндиликда вилоятдан келган таксичилар Тошкентда киракашлик қила олади. Вазирга кўра, бунинг учун улар лицензия олиши керак, фаолият манзили сифатида эса Тошкентни кўрсатиши керак бўлади.
Вилоятлараро лицензияга эга таксичилар Тошкентда такси қила олмайди. Лицензия фақат битта ҳудудга берилади.
Улар бир вақтнинг ўзида ҳам вилоятда, ҳам пойтахтда таксичилик фаолияти билан шуғуллана олмайди.
Барчаси нимадан бошланган эди?
Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов мазкур ҳолат ҳақида маълумот берар экан, “Бу тартиб кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. 2011 йилда айнан мана шу йўналишли таксилар фаолиятини тартибга солувчи 139-сонли қарор чиқарилган. Ўша қарор билан тасдиқланган низомда йўналишли таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг фаолият юритиши учун қўйилган талаблар бор”, деганди.

Масъулнинг қўшимча қилишича, бу қарор ҳозир ўзининг кучини йўқотган. Мазкур қарор ўрнини босувчи 2025 йилда чиққан қарорга кўра, ҳайдовчининг ўз ҳудудида, яъни лицензия карточкасида кўрсатилган ҳудудда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилган.
Яъни ҳайдовчи фаолиятини ўша лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд ва унга туташ ҳудудда олиб боради. Масалан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган 01 код билан бошланувчи давлат рақамли транспорт воситаси Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти ҳудудида таксичилик фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Худди шунингдек, вилоятларники ҳам худди шунақа бўлади, деганди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов.
Изоҳ (0)