Классик кўп мавсумли турк сериаллари кўп вақт талаб қилса-да, минисериаллар ечимни узоқ кутмасдан қизиқарли воқеалардан завқланишни истаганлар учун энг мақбул танловдир. Қуйидаги рўйхатга ўртача 45-50 дақиқа давом этадиган интернет сериаллар киритилган.
“Дилемма”
Неслиҳан — адолат рамзига айланган ажойиб журналист. Унинг сирли йўқолишлар ва шов-шувли қотилликларни фош этувчи “Фақат ҳақиқат” кўрсатуви уни миллат виждонига айлантиради. Сўнгги дастурида жиноят оламининг нуфузли шахсларига қарши чиқиб, “Ҳатто ўз ўғлим айбдор бўлганида ҳам, уни аямасдим!”, дейди.
Бу сўзлар башоратга айланади. Кўп ўтмай, унинг ягона ўғли Жан дўсти Лейлани ўлдирганликда айбланади. Бир лаҳзада Неслиҳаннинг дунёси остин-устун бўлади: энди у касбий бурч ва оналик меҳри ўртасида танлов қилишга мажбур.
“Вақт дарвозаси”.
Синан — истеъдодли ва сирли IT даҳо бўлиб, у муваффақиятли дастурий таъминот компаниясини яратган. У фақат ўзига ишонишга ўрганиб қолган, совуқ ақли ортида эса ўтмиш соялари яширинган.
Невра — отасидан мерос қолган империяни бошқарадиган ажойиб ва мақсадга интилувчи тадбиркор. У ҳамма нарсани назорат қилишга одатланган, бироқ унинг кучи ҳам ички шайтонларга бас келолмайди.
Уларнинг дунёлари тўқнашганда, иккаласи ҳам кутмаган жўшқин севги алангаланади. Аммо уларни эҳтиросдан ҳам кўра кўпроқ нарса — ўтмишга бориб тақаладиган сир боғлаб туради.
“Гўё эрта келмайдигандек”
Сериал ёш актриса Манола ва тажрибали журналист Ҳакан ҳақида ҳикоя қилади. Улар биринчи марта интервью учун учрашиши керак. Бу учрашув уларнинг бахтли якунланиш эҳтимоли жуда кам бўлган чигал муносабатларининг бошланиши бўлади.
Ҳакан сиёсий журналист, бироқ таҳририят кутилмаганда уни нафақат роллари, балки жанжаллари билан ҳам машҳур бўлган актриса Маноладан интервью олишга юборади. У дунёвий хроникаларни эмас, парламент мунозараларини таҳлил қилишга ўрганиб қолган ва бундай топшириқдан очиқчасига ғазабланади. Манола эса унинг кибрли оҳангини дарҳол пайқайди ва у билан хавфли ўйин ўйнашга аҳд қилади.
“Қабристон”
Капитан Онем ўта оғир жиноятларни тергов қилувчи махсус бўлим бошлиғи. Бир қарашда унинг жамоаси нопрофессионал кўринади, бунинг сабаби бор. Аёл раҳбарлигидаги бу бўлим кўпроқ расмиятчилик учун, жинслар тенглигини кўрсатиш ва аёлларга қарши жиноятларга эътибор бераётгандек туюлиш мақсадида ташкил этилган.
Иш шароитлари яхши эмас: жамоанинг ҳатто нормал хонаси ҳам йўқ — уларга ходимлар ҳазиллашиб “қабристон” деб атаган, архив ҳужжатлари билан тўлиб-тошган ертўла ажратилган.
Аммо Онем бўш келмайди. У иш ва оила ўртасида мувозанат сақлашга, мукаммал терговчи ва меҳрибон она бўлишга ҳаракат қилади. Бироқ ўсмир қизи Суде билан муносабатлари яхши эмас. Қиз отасининг ҳалок бўлишида онасини айблайди ва бу зиддият Онемнинг ҳаётидаги яна бир синовга айланади.
“Туркча ошхона”
Бош қаҳрамон Рейян (Мерем Узерли)нинг эри машҳур ошпаз, ўзи эса денгиз бўйидаги ҳашаматли ресторан эгаси. 38 ёшли Рейян гўзал кўринишга эга, унинг кийимлари нафис, мукаммал қоматини яширмайди.
Аммо Рейяннинг оилавий ҳаёти издан чиқмоқда, шу билан бирга бизнесига ҳам хавф туғилмоқда. Айнан шу мураккаб даврда унинг ҳаётига 18 ёшли Узер (Бурак Беркай Акгул) кириб келади. У Истанбулда таълим олишни режалаштирган, ҳозирча эса вақтинчалик ишлаяпти. Узер ўткир хотирага эга бўлгани учун янги нарсаларни тез ўрганади ва уларнинг энг майда тафсилотларигача эслаб қолади. Рейян ва Узер ўртасидаги имконсиз муҳаббат уларнинг юрагидаги оловни янада алангалатади.
“Магарсус”
Сарибахчеда цитрус мевалар савдоси бўйича оилавий бизнес яхши даромад келтиради ва ташқаридан қараганда бу мукаммал оила бўлиб кўриниши мумкин.
Аммо ташқи фаровонлик ортида доимий келишмовчиликлар яширинган. Курак оиласининг ҳар бир аъзоси мураккаб характерга эга шахс бўлиб, уларнинг барчаси ўз аҳамиятини исботлашга интилади. Улар ўз фикрларини қатъият билан ҳимоя қиладилар, ҳурмат талаб қиладилар ва бошқаларни ўзларига бўйсундиришга уринадилар. Бу оилада муросага ўрин йўқ — фақатгина ҳокимият учун кураш, шахсий манфаатлар ва устунлик қилиш истаги мавжуд.
Уч меросхўр, уч хил қисмат. Тансу — тўнғич қиз, анъаналарга бойсунмайдиган ўткир ақл эгаси бўлган исёнкор. Тургут — ўз хаёлот оламида яшовчи жаҳлдор ва шуҳратпараст ўғил. Фатош — кенжа қиз, камтар, бироқ ўз қарашларига қатъий содиқ.
Уларнинг ҳокимият учун кураши, хоинликлари, яширин эҳтирослар ва кутилмаган иттифоқлар оилавий ишнинг тақдирини белгилайди.
Изоҳ (0)