Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидаги Имом Бухорий зиёратгоҳи ободонлаштирилиши, ҳудудда шаҳарча барпо этилаётгани учун 53 та уй “снос”га тушди. Шундан 15 та хонадон учун компенсация пули ҳалигача тўлаб берилмаган. Вилоят ҳокими қабулида бўлиб, ҳақини талаб қилишга уринганлар эса қамаб қўйилган ёки катта миқдорда жаримага тортилган. Бу ҳақда “Дарё”га компенсация пулини ололмаган фуқаролар сўзлаб берди.
Тўрт йилдан бери ана бузилади, мана бузилади деган гап бор эди. 2025 йилнинг март ойида туман ҳокими келди-да, уйимиз “снос”га тушганини, тезда бузишимиз кераклигини, пули эса 3-4 кунда тўлаб берилишини айтди. Шундан сўнг нархларини келишиб, уйимизни буздик. Айни кунда катта ҳовлини бузиб, иккита хонани қолдирганмиз. Ҳоким айтган 3-4 кунга эса икки ойдан кўп вақт бўлди. Бироқ пулдан дарак йўқ. Сўрасак, ана берамиз, мана берамиз дейишдан нарига ўтишмаяпти, дейди Гулжаҳон Йўлдошева.

Гулжаҳон Йўлдошеванинг айтишича, қайнонаси Робия Йўлдошева 75 ёшда бўлгани учун айни кундаги тартибсиз ҳаётдан толиққан.

Уйимиз бузилди. Маҳаллага бораман-келаман. Алишер деган йигит бор, эрта дейди, индин дейди. Шу гаплар билан кун ўтиб кетяпти. Бизларнинг сўзимизни эшитадиган инсон йўқ. Қаёққа борайлик, нима қилайлик?, дейди Робия Йўлдошева.

Мурожаатчиларнинг айтишича, “Хўжа Исмоил” маҳалласидаги 158 хонадон “снос”га тушган. Шундан 58 та хонадон бузиб ташланган ва 12 хонадон эгаларининг пули тўлаб берилмаяпти.
-4p34SKrZ.avif)
Атрофда қурилиш бўлаётгани боис ўша бузмай олиб қолган хоналаримиз деразасини очолмаймиз. Очсак, ичкари чангга тўлади. Шу сабабми аллергия касаллиги пайдо бўлган. Уйимизда 6 киши яшардик. Ҳозир умуман яшашдан қийналиб қолдик. Қайнонам кўзим очиқлигида тинч, яхши уйга кўчиб ўтайлик дейди. Болалар ҳам овора, дейди Гулжаҳон Йўлдошева.
-Crcg3se3.avif)
Яна бир мурожаатчи Наргиза Қурбонованинг айтишича, улар яшаб келаётган уйлар 2017 йилда қурилган.

Ўша пайтдаги вилоят ҳокими бизга шу ҳудуддан ер берганди. 2017 йилда уй қурилишини бошлаб, 2018 йилда кўчиб кирдик. Ўтган йиллар давомида бизга ҳеч ким ёрдам бермаганди. Маҳалламизни ҳам, йўлимизни ҳам ўзимиз обод қилиб, яшаб келаётгандик. Энди уйимизни ҳам бузишди. Пулини беришга келганда эса раҳбарларни ушлаб бўлмайди. Бу ҳам етмаганидек ҳақимни талаб қилганим учун фақат менга, яъни бизнинг уйимиз ноқонуний қурилганини, ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олганини айтишиб, 75 миллион сўм жаримага тортишди. Ёшларга берилаётган имконият шуми?, дейди у.
-8Jd6QCOn.avif)
Мурожаатчи Қурбонованинг айтишича, улар яшаб турган 8 хонали уй баҳолаш марказлари томонидан дастлаб 879 миллион сўмга баҳоланган. Аммо туман ҳокими билан келишмовчиликдан сўнг, унга 75 миллион сўмлик жарима қўлланилиб, 879 миллион сўм 450 миллион сўмга туширилган.

Уч ойдан бери бизни ҳеч ким эшитмаяпти. Ҳолимиздан хабар олмаяпти. Уйнинг ҳужжатларини олиб бориб, ҳаққимизни сўрасак қоғозни йиртиб, юзимизга отишяпти. Ҳоким: уйингни истасам экскаватор билан бузиб ташлайман деб дўқ-пўписа қиляпти. Шунақа замонда яшаяпмизми?, дейди Наргиза Қурбонова.

Мурожаатчининг қўшимча қилишича, у туман ҳокими Исроил Жабборовнинг бундай ҳаракатидан норози бўлиб, вилоят ҳокими қабулига киришга уринган. Аммо ИИБ ходимлари уни мактаб залига қамаб қўйган.


Туман ҳокими шундай гапларни гапиргач, вилоят ҳокими келганда қабулига киришга уриндим. Аммо ИИБ ходимлари мени мактаб залига 15 дақиқалар қамаб қўйишди. Зўрға қочиб чиқиб, вилоят ҳокими қабулига кирдим ва бор гапни айтдим. Аммо туман ҳокими вилоят раҳбарига ҳужжатларида бир-иккита камчилик бор деб алдаб, менинг гапларимни инкор қилди. Вилоят раҳбарига “бўлди, ҳал қиламиз” дея ёлғон, гапирди. Шундан бери сарсонмиз, дейди мурожаатчи.
-8gtjsAfQ.avif)
Қишлоқдаги 7 хонали уйи бузиб ташланган Наргиза Эгамбердиева уларга 1 миллиард сўм компенсация тўлаб берилиши ваъда қилинганини, аммо ваъда бажарилмаётганини айтмоқда.

Уйимиз 2025 йилнинг март ойида “снос”га тушди ва бузилди. Белгиланган нарх бўйича бизга 1 миллиард сўм тўлаб берилиши керак эди Аммо тўланмаяпти. Уйдагилар билан сарсон бўляпмиз. Совуқ тушмасидан олдин уйимизни қуриб, кўчиб чиқишимиз керак эди, дейди Наргиза Эгамбердиева.
-tw1kBrY2.avif)
Вазиятдан норозилар шунингдек, давлат тўлаб бериши керак бўлган компенсация пули тўланаётганда банк ҳам фоиз олиб қолишидан норозилигини айтмоқда.
Давлат томонидан берилаётган пулни банкдан олаётган пайтимиз банк ўз фоизини олиб қолишини айтмоқда. Биз бундан норозимиз, дейди аҳволи вакиллари.
Самарқанд вилояти ҳокими маслаҳатчиси, Имом Бухорий шаҳарчаси қурилишига бош-қош бўлаётган Алишер Раимжоновнинг “Дарё”га билдиришича, шаҳарча барпо этилиши муносабати билан мурожаатчилар айтганидек 158 та эмас, 53 та уй “снос”га тушган.

Айни кунгача 30 та хонадон эгасига 24 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пуллари тўлаб берилди. Кейинги этапда давлатимиз раҳбари топшириғи билан ажратиладиган 22-23 миллиард сўмлик компенсация пуллари келаси жума, 13 июнь куни кеч тушгунга қадар тўлаб берилиши режалаштирилган, дейди масъул.
Ҳоким маслаҳатчисининг маълумот беришича, Имом Бухорий шаҳарчаси 2025 йилнинг август ойига қадар қуриб битказилиши режа қилинган.
Бу шаҳарчага келажакда ҳар йили 30 миллион нафар хорижлик сайёҳ келиши режалаштирилган. 5 та қишлоқда канализация ўрнатилди, сув иншоотлари барпо этилди. Ер остидан электр энергия тортилди. 16 миллионта дарахт кўчатлари экилди, дейди ҳоким маслаҳатчиси бўлаётган ишлар ҳақида гапирар экан.
Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида “снос” масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 27-моддада ҳар ким “турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга” экани кафолатланган.
Бундан ташқари, айни кунда президент маслаҳатчиси сифатида фаолият юритаётган, собиқ Адлия вазири Русланбек Давлетов “Янгиланган Конституция кафолати сабаб энди ҳеч ким осонликча бировнинг уйини ъсносъ қила олмайди” — деганди.
Бузишга тушганда компенсация бериладиган уй-жойлар кўлами кенгайтирилди – энди агар аҳоли пункти ичида жойлашган, лекин “кадастри бўлмаган” уйлар бузилса ҳам, агар ушбу ер бўйича 15 йилдан ортиқ солиқлар тўлаб келинган бўлса компенсация тўланади. Таъбир жоиз бўлса, ушбу қонун 3 миллионга яқин ҳужжатсиз уйларни бузилишдан “суғурталайди, дея таъкидлаганди у.
Изоҳ (0)