Турк сериаллари кенг тарқалган стереотипларга зид равишда кўп қиррали ва қизиқарли. Улар ҳар доим ҳам фақат мураккаб севги саргузаштларидан иборат эмас, балки ҳаётий, самимий ва кўнгилларни жунбишга келтирадиган воқеаларни ҳам ўз ичига олади. Ушбу сериалларда ҳар бир томошабин ўзига мос мавзуни топиши мумкин. Мақолада эътиборга лойиқ турк сериаллари билан танишасиз.
1. “Ғаройиб шифокор” (2019)

“Кинопоиск” сайтидаги рейтинги — 8,7.
Али етимликда улғайган. Болалар уйида тарбияланган, кейин тиббиёт университетига ўқишга кириб, муваффақиятли тамомлаган. У моҳир жарроҳ бўлишни орзу қилади, бироқ беморлар унга ишончсизлик билан қарайди, ҳамкасблари эса дастлаб шубҳа қилган бўлсалар-да, унинг истеъдодига қойил қолишади. Гап шундаки, Али савант синдромига эга: бу аутизм спектридаги бузилиш бўлиб, айрим ҳолларда ноодатий ақл-заковат билан намоён бўлади. Али эса касалликни чуқур таҳлил қилиш қобилияти билан ажралиб туради.
Бош ролларда: Танер Олмез, Онур Туна, Синем Унсал ва бошқалар.
Томошабинлар бу сериални юқори баҳолаб, энг яхши тиббий драма сифатида эътироф этишди. Худди шу сюжет асосида Жанубий Корея дорамаси ҳамда америкалик “Яхши доктор” сериали суратга олинган бўлса-да, кўпчилик фикрича, туркча версияси энг таъсирли ва самимий чиққан.
“Никоҳ ҳақида барча ҳақиқатлар” (2021)

“Кинопоиск” сайтидаги рейтинги — 8,5.
Муваффақиятли юрист ва адвокат Азра. У онаси Чолпан бошчилигида опа-сингиллари билан бирга ишлайди. Чолпан ажрашган, Азранинг эри ва фарзандлари бор, Гунеш эса келин бўлиш арафасида, Санем эса никоҳга мутлақо қарши. Уларнинг мижозлари шаҳарнинг бой ва нуфузли одамлари. Бир куни Чолпан ишни Азрага топширишга қарор қилади. Муаммолар ва синовлар эса бирин-кетин бошланади: эр билан жиддий муаммолар юзага келади, Чолпан қизининг бундай масъулиятга тайёр эмаслигини англайди, Азра эса хафагарчилик туфайли рақиб фирмага ишлашга кетади. Бироқ муаммолар шу билан тугамайди, аксинча, энди бошланади...
Бош ролларда: Гокче Баҳадир, Сумру Явружук, Бертан Асллани ва бошқалар.
Томошабинлар ҳар бир серияда воқеалар ривожи тез ривожланишини алоҳида таъкидлаб, ҳикояни ҳаётий ва қизиқарли деб баҳолашди. Лекин сериал охирларида, томошабинлар фикрича, сюжет бир оз сустлашади. Айрим қаҳрамонларнинг тақдири эса умуман якунланмай, лойиҳадан олиб ташланди.
“Ҳаёт қўшиғи” (2016)

“Кинопоиск” сайтидаги рейтинги — 8,1.
Байрам ва Салиҳ болаликдан душман бўлган. Улар бир қишлоқда улғайган, лекин ҳеч қачон бир-бирларини тушунолмаган. Шунинг учун бир пайтлар келажакда ўз фарзандларини турмушга чиқариб, душманликни тугатишга қарор қилган. Вақт ўтиши билан иккиси ҳам ўз бизнесини очишга ҳаракат қилган, бироқ фақат Байрам муваффақиятга эришиб, оиласини Истанбулга кўчириб, ҳурматга сазовор инсонга айланган. Салиҳ эса қишлоқда қизлари билан қолиб, рақобатчиси даражасига етолмаган. Энди бир неча аввал берилган ваъдани бажариш вақти келди. Лекин уларнинг фарзандлари — Мелек ва Кериман — умуман бошқа ҳаётга, қизиқишларга ва севги ҳикояларига эга. Ёшлар эса келишилган никоҳга қарши бирлашишга қарор қилишди. Бироқ унинг ўрнини эгаллашга тайёр бўлган Ҳулия бор — у болаликдан Байрамнинг ўғлига ошиқ.
Бош ролларда: Биркан Сокуллу, Буржу Бирижик, Таянч Аяйдин ва бошқалар.
Томошабинлар актёрларнинг ажойиб ижроси, қизиқарли сюжет ва бош қаҳрамоннинг мураккаб характерига юқори баҳо берган. Шу билан бирга операторлик ишларидаги камчиликлар, шошилинч якун ва баъзи қаҳрамонларнинг ноаниқ ҳаракатлари ҳақида танқидлар ҳам бўлди. Сериални мураккаб, баҳсли образларни кўрмоқчи бўлганларга тавсия қилишади.
“Қоғоз уй” (2021)

Кинопоиск сайтидаги рейтинги — 7,5.
Жиноий ҳуқуқ профессори Жиҳан Фиртина ҳар томонлама муваффақиятли ва бахтли инсон ҳисобланади. Унинг меҳрибон рафиқаси Айлин шаҳарда танилган адвокат. Уларнинг уч нафар — 19 ёшли Мерт, 16 ёшли Жемра ва 7 ёшли Мелиса исмли фарзандлари бор. Жуфтликнинг ажойиб уйи ва оиласи, орзу қилинадиган барча нарсалари бор. Бироқ, бир лаҳзадаги заифлик эркакнинг олдида турган ҳамма нарсани оиласидан тортиб обрўсигача бузиб юборади.
Бош ролларда: Эрдал Бешикчиолу, Нур Феттаҳўғлу, Тувана Туркай ва бошқалар.
Сериал қизиқарли сюжетга эга бўлса-да, томошабинларда кўплаб саволлар пайдо бўлди. Айниқса, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари уларнинг профессионал даражаси билан мутлақо мос келмаслиги танқидларга сабаб бўлган. Масалан, психологнинг ақлли эмас, балки кинояли, майда-чуйда одам сифатида кўрсатилиши ёки жиноий ҳуқуқ профессори ўз сирини эҳтиётсизлиги сабаб очиб қўйиши сериалнинг камчиликлари сифатида кўрсатилади. Шунга қарамай, ҳар бир эпизоднинг чуқур ахлоқий маънога эга, бу эса томошабин эътиборига лойиқ жиҳатдир.
“Илк ва сўнги” (2021)

Кинопоиск сайтидаги рейтинги — 7,4.
Дениз ва Бариш тақдир тақозоси билан учрашиб, бир-бирларини шунчалик кучли севиб қолишдики, бир-биридан айро яшашни тасаввур ҳам қила олмадилар. Ёшлар ҳис-туйғуларининг абадий давом этишига ишонишарди. Аммо ҳаёт ва никоҳ ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди ва ёшларни еттинчи осмондан ерга тушириб қўяди. Эр-хотин кўп жанжаллашиб, йиғилиб қолган ғазаб ва тушунмовчиликлар пайдо бўлади. Сериалда жуфтликнинг муносабатлари бошланиши ва ўн йил ўтиб ажрашишлари тасвирланади ҳамда ўзаро даъволар, севги ва умидсизликнинг қарама-қаршилиги кўрсатилади.
Бош ролларда: Ўзге Озпиринчи, Салиҳ Бадемчи, Гулчин Култур Шаҳин ва бошқалар.
Томошабинлар фикрича, бу сериал ўз шахсий ҳаёти ҳақида ўйлаётганлар учун яхши психотерапия бўлиши мумкин. Уни томоша қилгач, севги абадийлигига ишониш ёки қаҳрамонларга ҳамдардлик билдириш истаги туғилади. Бироқ кўпчиликка сюжетнинг чўзилганлиги ёқмади, чунки унинг ғояси тўлиқ метражли фильмга ҳам сиғар эди.
“Раҳм-шафқат” (2013)

Кинопоиск сайтидаги рейтинги — 7,3.
Нарин Эгей денгиз соҳилидаги кичик шаҳарчада улғайди. Унинг болалиги оғриқ, зўравонлик ва қашшоқликдан иборат эди. Аммо бу қизнинг руҳиятини синдирмай, аксинча, характерини мустаҳкамлаб, қийинчиликларга жасорат билан қарашга ўргатди. У юристлик факультетини тамомлаб, яхши карьера қура олди. 18 ёшида шовқинли мегаполисга кўчиб ўтиб, бой оиладан бўлган Дениз исмли қиз билан танишди. Ижтимоий мавқе ва бутунлай қарама-қарши ҳаётий тажрибалар уларга энг яқин дўст бўлишга тўсқинлик қилмади. Аммо бу дўстликни Денизнинг Швейцариядан қайтган укаси Ирмак бузиши мумкин эди. У аёллар орасидаги илиқ муносабатларни тушунмай, “номақбул” дўстликка барҳам беришга қарор қилди.
Бош ролларда: Ўзгу Намал, Бурчин Терзиўғлу, Аҳмет Рифат Шунгар ва бошқалар.
Томошабинлар сериални жанрга хос анъанавий элементлар ва кутилмаган бурилишлар ҳам мавжудлигига қарамай турк сериаллари учун ноёб сюжетга эга деб топишди. Сериал муваффақиятининг асосий омиллари — мураккаб сюжет, севимли ва таниқли актёрларнинг аъло даражадаги ижроси, ўтган ва ҳозирги воқеаларнинг ўзаро боғланиши эди.
“Бу қиз” (2022)

Зейнеп — оддий оиладан чиққан, қийин тақдирга эга оддий қиз. У ўзини ва беш ёшдаги болакай ақлига эга 45 ёшли отасини таъминлаш учун клининг компаниясида ишлашга мажбур. Бир куни Зейнеп интернетнинг янги юлдузи Ўзаннинг уйини тозалаш имкониятига эга бўлади.
Бош ролларда: Эркан Петеккая, Сезин Акбашўғуллари, Мунире Апайдин ва бошқалар.
Сериалда хиёнат, севги учбурчаги, қайғу ва кўз ёшлар тилга олинади. Лекин актёрлар ўз ролларини шунчалик жонли ва самимий ижро этишдики, томошабинларнинг қалбида чуқур из қолдирди. Шунингдек, турк сериаллари мухлислари сюжетнинг жадаллиги ва чиройли саундтрекларни ҳам юқори баҳолашди. Бироқ, баъзи томошабинлар икки соатга чўзилган интригалардан чарчаганликларини билдиришди.
Изоҳ (0)