Сурхондарёда ЙПХ ходимига куч ишлатган 3 киши ушлангани ҳақида хабар берилган эди. ИИВ ҳолат юзасидан батафсил маълумот берди.
Унда айтилишича, 1 май куни Денов тумани Мустақиллик кўчасида хизмат олиб бораётган инспекторлар қоидаларга амал қилмай, йўлдаги бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит бериб, нотўғри манёвр қилган Lacetti’ни тўхтатган.
Инспектор ҳайдовчига ҳуқуқбузарлигини тушунтириб, ҳужжатларни тақдим этишини сўраган вақтда ҳайдовчи ходимларнинг қонуний талабини бажармасдан, жамоат жойида фаол қаршилик кўрсатган.
Шундан сўнг инспектор машинани эвакуаторда жарима майдонига олиб кетмоқчи бўлган. Ҳайдовчи турмуш ўртоғи, қайнотаси, қайнопаси ва қайнукаларини чақирган. Инспекторни бўйнидан бўғиб, ходимларга куч ишлатган ва боди камерасини юлиб олган.
“Ҳис-ҳаяжонга берилган ҳолда ходимларни ёқасидан ушлаб тортиб, ҳақоратлаб, кийимларини йиртиб ташладим. Қилган ишимдан минг-минг пушаймонман. Сизлардан кечирим сўрайман”, дея узр сўраган қўлга олинган аёллардан бири.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши доирасида 3 нафар гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.
15 апрелда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида ЙПХ ходимига фаол қаршилик кўрсатиб, уни урган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилганди. 19 апрель куни Тошкентда ЙПХдан қочиб, 5 та автомобилга шикаст етказган Gentra ҳайдовчиси ушланганди. Автомобильни бошқарган аёлнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)